Бир неча аср илгари миллат ва элатлар ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи, уларнинг ҳамкорлигининг бош меъзонларидан бири бўлган тил ҳақида улуғ уламолардан бўлган Жалолиддин Румий ҳазратлари ҳикоясини келтирамиз:
“Улардан бири турк, иккинчиси форс, учинчиси араб, тўртинчиси эса юнон эди. Йўлда улар оч қоладилар, бироқ уларнинг пуллари йўқ эди. Тасодифан йўлда ёнларидан ўтиб кетаётган бир бой одам уларнинг ночор аҳволдалигини кўриб, уларга бир танга совға қилади. Бу тангага нима сотиб олиш кераклиги ҳақида баҳс бошланади. Турк айтади: “Келинглар бозорга бориб узум оламиз”. Форс эса шундай дейди: ”Йўқ, яхшиси ангур сотиб оламиз”. Араб шундай эътироз билдиради: ”Энг яхшиси бу инаб”. Юнон ҳам суҳбатга аралашиб сўради: ”Балки истафил сотиб олган маъқулдир?”
Улар ўртасида келишмовчилик аввал низо, кейин эса муштлашишга айланди. Шу вақтда кўп тилларни биладиган бир йўловчи уларнинг ёнидан ўтиб кетаётган эди. Йўловчи гап нимада эканлигини билгач, у шундай фикр билдирди: “Эй нодонлар, сизлар ўз тилларингда ҳар хил номланадиган айнан бир нарса ҳақида айтяпсизлар. Бозорга боринг ва узум харид қилинг”. Улар бозорга боришди, узум харид қилишди ва қоринларини тўйдиргач, ўз йўлларида давом этдилар”.
Юртимизда тил ўрганишга катта эътибор берилган. Ҳа, албатта “Тилга эътибор, элга эътибор” деб халқимиз бежиз айтмаган. Ватанимиз Ўзбекистон Республикасида мустақилликнинг илк кунлариданоқ тилга эътибор устувор вазифа қилиб белгиланди. Айниқса, мамлакатимиз кўп миллат ва элатли халқ бўлганлиги учун ҳам тил масаласига алоҳида аҳамият берилиб, бу борада барча қулай шароитлар яратилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг мактаблар ва олий ўқув юртларида ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида олиб борилмоқда. Газета ва журналлар эса ўзбек, қорақалпоқ, инглиз, корейс, рус, тожик, туркман ва қозоқ тилларида нашр этилмоқда. Телекўрсатив ва радиоэшитиришлар ҳам анчагина тилларда олиб борилмоқда.
Маълумки, она тили – ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тили бўлиб, унинг луғат таркиби асосан, шу тилга мансуб халқнинг турмуши, маданияти ва урф-одатларини ифодалайдиган сўз ҳамда тушунчалардан иборат бўлади.
2012 йил 10 декабрь ва ундан кейинги йилларда давлатимиз раҳбарлари томонидан “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари имзолангани юқорида келтирилган фикрларимизнинг ёрқин ифодаси десак, асло муболаға бўлмайди. Бу борада бугунги кунда қатор тизимли ишлар йўлга қўйилди. Ҳатто мактабгача таълим яъни болалар боғчаларига борувчи болалар учун ҳам чет тилларини ўрганиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимиз ёшлари кўпгина чет тилларда нафақат эркин сўзлаша оладиган, балки бу тилларда соҳавий, ижодий салоҳиятларини жаҳонга намойиш этмоқдалар. Бу ютуқларимизнинг бошланишидир, албатта.
Дунё халқларининг маданий-маънавий ва бошқа соҳалардаги тарихи ҳамда ҳозирги ҳаёт ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш учун ана шу халқнинг тилини билиш муҳимдир. Тил ўз ўрнида бир дарёнинг икки соҳилидаги одамларни бир бири билан мулоқотга кириши учун олтин кўприк вазифасини ўтайди. Тасаввур қилинг! Сиз қайсидир чет давлатга бордингиз. У ерда кўчадан нимадир харид қиляпсиз. Ҳеч қаерда кўрмаган буюмга ҳавасингиз келди, лекин сиз унинг нима эканлигини билмайсиз. “Бу нима?”, “Қанча туради?” каби саволлар беришингиз керак. Аммо ўша давлатнинг маҳаллий тилини билмасангиз, буни қандай амалга оширасиз.
Ёки чет элда кўчада адашиб қолсангиз, қўлингизда ёзма манзил бўлмаса, ўзингиз ҳам ўша тилда ёза олмасангиз, қандай қилиб қидираётган манзилингизни топиб борасиз? Тўғри машаққат билан бизнинг тилни биладиган одамни топарсиз. Аммо қанча вақтингиз кетгани ва асабийлашганингизчи? Яна бир мисол, бир аёл отасини Ҳиндистонга юрак операциясини қилдириш учун олиб борди. Операциядан кейин, бу аёл отасининг аҳволини билмоқчи эди, аммо операция амалиётини бажарган жарроҳ ва ҳамшира билан гаплаша олмади, минг афсуски бу аёл инглиз тилини тушунмас эди. У бу тилни ёшликда ўрганмаганлигидан афсусланди. Тез кунда бу аёл шифо топган отаси билан Ўзбекистонга қайтиб келди. Кейинчалик у фарзандларини чет тилларини ўқиб ўрганишига алоҳида эътибор берди.
Агар сиз чет тилини билсангиз, олдингиздаги имкониятлар эшиклари очилади. Сим-сим очил дейилса хазиналар эшиги ўз-ўзидан очилади. Эшиклар очилибгина қолмай, сизни поёндозлар билан қарши олишади. Ўзингизга қизиқ бўлган нарсани бемалол ён атрофдаги маҳаллий халқдан сўраб олишингиз, харид қилмоқчи бўлган нарсангиз ҳақида батафсил сўраб ўрганиб, харид қилишингиз қолаверса, дўст ортиришингиз, яна қанчадан қанча имкониятлар эшигини тил орқали очишингиз мумкин бўлади.
Маълумки, Ўзбекистон жаҳон маданияти тараққий этишида муносиб ўринга эга. Ислом маданияти пойтахти, шарқ дарвозаси каби кўплаб муносиб ном билан шарафланган бой маънавий-маданий тарихий макондир. Ватанимиз Ўзбекистондаги тарихий шахслар ва уларнинг хотираси билан боғлиқ буюк ишлар ҳамда бино-иншоотлар дунё нигоҳида. Шунинг учун меҳмондўст ва тинч-осуда юртимизга ҳар йили минглаб сайёҳлар ташриф буюриши барчамизга сир эмас, албатта. Уларнинг ҳар бирида Ўзбекистон Республикаси тарихи, бой маданий меъроси ва бугунги кундаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш хоҳиши бор. Жонажон мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси айниқса, ёшлар ўзимизда фуқаролик бурч сифатида юртимизга келган меҳмонларга юртимизнинг кечаги ва бугунги бой меъросини меҳмонларга чет тилларида етказиши керак. Бу иш чет тилларини мукаммал билишни тақазо этади.
Битта тилни билган, бир одам, иккита тилни билган, икки одам, учта тилни билган, уч одам деб деб айтишади. Тил ўрганиш ҳам билим ҳисобланади. Ёшликда ўрганган билим, тошга ёзилади. Иш билганга, бир танга, тил билганга, минг танга деб халқимиз бежиз айтмаган. Ҳозирги кунда ишни ҳам тилни ҳам яхши билиш шарт. Бу давр талаби. Ёшликда Аллоҳ берган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланинг. Меҳнатингиз зое кетмайди. У вақт, чидам ва сабрни талаб этади. Меҳнатингиз самарасини, кейин биласиз. Меҳнат, меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат. Амаллар ниятга боғлиқ деган ҳадисни эсланг.
ТИИ Тиллар кафедраси катта
ўқитувчиси Фахриддин Ерназаров