21 сентябрь Халқаро тинчлик куни
International Day of Peace
“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл ( Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
(Ҳужурот сураси,13-оят).
Халқаро тинчлик куни 1981 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий этилган. Мазкур сана дастлаб сентябрь ойининг учинчи сешанбасида, кейинчалик 2001 йилда эса БМТга доимий аъзо мамлакатлар томонидан бир овоздан 55/282 резолюцияси қабул қилиниб, 2002 йилдан Халқаро тинчлик куни ҳар йили 21 сентябрь куни нишонланишини маълум қилинган.
Ушбу санада Бош Ассамблея дунёдаги барча халқлар ва давлатларга ўт очиш ва зўравонликни тўхтатиш, қуролли ҳаракатларга йўл қўймаслик, инсонларга тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини турли маърифий тадбирлар воситасида тушунтириш ва мамлакатларни ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдан тийилишга даъват этади.
Ҳар йили БМТнинг шу кунга бағишланган тантанали очилиш маросими АҚШ нинг Нью-Йоркдаги БМТ штаб квартирасида Тинчлик Қўнғироғи ёнида БМТ Бош секретарининг мурожаатидан сўнг қўнғироқ чалиш ва бир дақиқалик сукут сақлашдан сўнг, БМТнинг ҳавфсизлик йиғини раиси нутқ сўзлаш орқали бошланади. Шунингдек, ҳар йили бу байрам маълум бир шиорга бағишланиб ўтказилади. Шунинг учун, байрам ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва тинчликни қўллаб-қувватлаш”, “Қуролсизланиш ва қурол тарқатмаслик”, “Ёшлар- тинчлик ва ривожланиш учун”, “Тинчлик ва демократия”, “Чидамли дунё барқарор келажак учун”, “Тинчлик руҳидаги таълим”, “Жаҳон халқларининг ҳуқуқлари” ва бошқа шиорлар билан таъкидлаган ҳолда нишонланиб келинади.
Сўнгги йилларда оламда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар- халқлар ва инсонларни бир-биридан ажратиб ташлаётган, адоват ва душманлик солаётган урушлар, чуқур қарама-қаршиликлар авж олган айни дамда Халқаро тинчлик кунининг аҳамияти нечоғлик долзарб эканини англатмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз тинчлик ва осойишталик, барқарорлик ва эркинлик ўрнатилган Ватанимизда яшаётган эканмиз, унинг қадрига етмоқлигимиз ва асраб-авайламоқлигимиз даркор. Зеро, Аллоҳ таоло берган неъматларга шукроналик билан умр кечириш ва уларни сақлаш комил мўминнинг асосий сифатларидан биридир.
Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси
Дилшод Насиров