islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТАБАССУМЛИ КУНЛАР…

Ёмғир ҳиди, булутлар гўзаллиги билан табассум қилиш…

Бу ҳақида Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Мадинада қурғоқчилик бўлди. У зот жума куни хутба қилиб турганларида бир киши ўрнидан туриб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Чорвалар ҳалок бўлди, қўйлар ҳалок бўлди. Аллоҳга дуо қилинг, бизга ёмғир ёғдирсин”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Ўша онда осмон худди шиша каби тиниқ эди. Бирдан шамол турди, қаердандир булутлар пайдо бўлиб, бир жойга тўпланди ва шаррос ёмғир қуйди. Биз ҳам масжиддан чиққач уйларимизга сувлар кечиб бордик. Ёмғир ўша ҳолатда келаси жумагача ёғди. Хутба пайти яна ўша киши туриб: “Ё, Расулуллоҳ! Ёмғирдан уйларимиз бузилиб кетди, Аллоҳдан сўранг, ёмғирни тўхтатсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва: “Эй Аллоҳ! Устимизга эмас, атрофимизга ёғдир”, деб дуо қилдилар. Шунда осмонга қарадим, устимиздаги булутлар ҳар тарафга тарқаб, гўё гулчамбар бўлиб олди.

Нега табассум қилдилар?

Бу билан қандай хабар бермоқчи бўлдилар?

Руҳлари тўлган гўзалликнинг ҳажми қандай эди, ҳатто ўзлари ҳам табассумларини беркита олмадилар?

Ўта жиддий, қўрс инсонлар У зотга нисбатан ўша пайтда қовоқ уйиш, жиддийлик муносиб эди, деб ўйлайдилар. Лекин У зот табассум қилиб сўзладилар ва вазиятдан келиб чиқадиган тортишувни очиқ юзлик билан кўзлари остига яширган эдилар.

Табассум қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун умрлари давомида ҳатто вафотларидан бироз олдин ҳам инсонларнинг қалбларини фатҳ қилган қилич ва уларнинг руҳларини эгаллаган махфий қулф бўлган. Табассум қилиш У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иборасиз сўзлари эди, очиқюзликлари эса саҳобаларининг руҳлари томон эсган майин шаббода бўлган.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Душанба куни мусулмонлар Абу Бакр розияллоҳу анҳу имомлигида бомдод намозида турган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳужралари пардасини очдилар ва саҳобаларга қарадилар, улар саф тортиб туришган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар”.

“Душанба куни” сўзини яхшилаб эслаб қолинг. Биласизми, Анас розияллоҳу анҳу “душанба куни” деган сўз билан нима демоқчи эдилар? У зот айтмоқчиларки: Ана ўша воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган душанба куни бўлганди.

Ота-онамиз фидо бўлишсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғриқлар азоб бериб, истима таналарини ёндириб, ўлим кутиб турганда ҳам табассум қилишни канда қилмадилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб табассум қилишни шахсиятларидан ажрамайдиган бир бўлак, ҳаётларидаги вазифалардан бир вазифа қилдилар?

У зот қандай қилиб саҳро тили бўлган иллатлардан устун келиб, жоҳилият кибри ва ўзини улуғвор тутишни йўқотдилар?

Қандай қилиб ёлғон фахрланиш, сохта мағрурликка чек қўйиб, инсонийликни янги саҳифасини очиб бердилар?

У зотнинг сийратларида қандай улуғворлик бор? Қайси поклик руҳларини ўраб олган? У зотнинг табассумлари қандай табассум эди?

ТИИ  403-гуруҳ талабаси
М.Ходжаева 

334220cookie-checkТАБАССУМЛИ КУНЛАР…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: