Тил – миллатниг руҳидин. У халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи, тарихидир. Тилни ривожлантириш миллат тараққиёти демакдир. Шуни айтиш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши ҳам мустақиллигимиз ва юксалишимиз йўлида муҳим қадам эди. Тил – миллат юзининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ҳам ўзининг давлат тилига эга эмас. Ғурурсиз миллат ўз қиёфасини йўқотади, аксинча, миллий ифтихор юксак юртда халқ тинч ва ҳамжиҳат яшайди. Ҳали тоталитар тузум ҳукмрон бўлиб турган мураккаб бир шароитда 1989-йилнинг 21-октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий ғурурини, жаҳондаги мавқеини тиклади.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.
Ота-она ўз фарзандига яхши хулқ, яхши тарбия беришдан ортиқ маънавий мерос қолдира олмагани каби аждодлар ҳам авлодларига шу юртга хос бўлган яратувчанлик, тафаккур маҳсули бўлмиш бебаҳо моддий ва маданий ёдгорликлар ҳамда тарбияловчи, илму маърифат ёғдулари ила йўғрилган асарлар ва энг муҳими, она тилидан бўлак буюк мерос қолдира олмаса керак.
Миллий тилимизни гўёки бир муаззам чинорга менгзасак, унинг чуқур илдизлари – бу унинг олис ўтмишга бориб тақаладиган бой тарихидир. Бақувват танаси эса ўзбек тилининг равнақида беқиёс ўрин тутган аждодларимиздир, яъни Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби буюк ижодкорлардир. Бу рўйхатни чексиз фахр билан яна узоқ давом эттириш мумкин. Шох-шаббалари эса бу тилимизда яратилган ўлмас ва нодир асарларимиздир – « Қутадғу билиг», “Ҳибат ул- ҳақойиқ“, «Муҳаббатнома», «Маҳбуб ул-қулуб»дан тортиб, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Юлдузли тунлар» каби адабиёт гултожиларидир. Барглари эса тилимизнинг зебу зийнатлари, ўзига хосликлари, дуру гавҳарларидир. энди шуни баралла айта оламизки, чуқур илдизга эга, кўркам, мустаҳкам ва муаззам бу чинорга ҳеч ким болта ура олмайди, ҳеч ким шохларини синдира олмайди. Унинг бебаҳо бойлиги бўлмиш адабиётига ҳеч ким ёмон кўз ила қарай олмайди. Зеро, Абдулҳамид Чўлпон айтганидек: “Адабиёт яшаса- миллат яшар“.
Тошкент ислом институти “Ёшлар билан ишлаш,
маънавият ва маърифат” бўлими бошлиғи А.Олимов