islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Нурул Қуръон” ва “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Нурул Қуръон” маънолар таржимаси ҳамда “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” асарларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда институт раҳбарияти, устозлар, 2-босқич талабалари ҳамда муаллиф яқинлари иштирок этдилар.

Тадбирга Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод Примов модераторлик қилди. Тақдимот Қуръони карим тиловати ҳамда Пойтахтимиздаги “Хўжа Аъламбардор” масжиди имоми Раҳимберди домла Раҳмоновнинг ўтган устозлар руҳларига бағишлаб қилинган дуолар билан бошланди.

Дастлаб институт ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)Уйғун домла Ғафуров сўзга чиқиб, асар муаллифини ва унинг жамоасини табриклади:
“Бугун қувончли кун. Она тилимизда Қуръони каримнинг яна бир маънолар таржимаси тақдим этилаяпти. Бу йўналишда хизмат қилган барча устозлар ва ёрдамчиларга миннатдорлик билдирамиз. Аллоҳ таоло бу ишни савобли ва баракали қилсин”.

Ректор домла Қуръони карим тафсирларини омма халқ осон тушунмаслиги, бу иш шу маънода жуда қўл келишини таъкидлаб, сўнгги йилларда мамлакатда Қуръон ва тажвид курсларининг сони ҳамда улар орқали савод чиқараётган фуқаролар сони ортиб бораётганини қайд этди. Шунингдек, у маънолар таржимасининг замонавий имкониятлар билан – QR-код ва аудио вариантлар билан бойитилганини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг асар таҳрир ҳайъати аъзоси, Алихонтўра Соғунийнинг шогирди Сирожиддин Эшонбобонинг ўғли Муҳаммадхон Жаҳонгиров сўзга чиқди. У талабаларга араб тили луғатларидан фойдаланиш, “муфрадот” каби асарларни чуқур ўрганишни тавсия қилди ва:
“Асарнинг афзаллиги – сўзма-сўз таржималарнинг берилиши. Бу бошланғич талабалар учун жуда фойдали қўлланма бўлади. Имом Ғаззолий таъкидлаганидек, ҳар бир намозхон нима ўқиётганининг маъносини билиб туриши керак”, – деди.

Сўз навбати асар муаллифи Сардорхон Жаҳонгировга берилди. У 30 йиллик илм йўли ва тажрибаси ҳақида сўзлаб, асарнинг мазмун ва услуб жиҳатидан ўзига хослигини таъкидлади:
“Қуръони карим нафақат ҳидоят манбаи, балки инсониятнинг интеллектуал салоҳияти манбаидир. Бу асарда айрим қийин сўзларга шарҳ берилган, айрим калималарнинг сўзма-сўз таржимаси эса тўқ ранг билан белгиланган. Кейинги нашрлар QR-код орқали аудио тарзда ҳам тинглаш имконияти билан чоп этилади”, – деди у.

Тадбир давомида муаллиф томонидан талабаларга 5 та викторина саволи ўқилди. Тўғри жавоб берган талабалар китоблар жамланмаси ва пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шунингдек, муаллиф асарларнинг нусхаларини ҳар бир курсга ва устозларга ҳадя этди.

Тақдимот сўнгида муаллифга институт раҳбарияти номидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

454940cookie-checkИмом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Нурул Қуръон” ва “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: