islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Устозларга эҳтиром вожибдир

Биламизки, Ислом дини илму-маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий ва раббоний диндир. Зеро, инсоннинг дунёда азиз бўлиши, азизлик тожини кийиши ва охиратда эса улуғ мақому мартабаларга сазовор  бўлиши, илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “Пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Ислом динининг асосий манбаи бўлган Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда устознинг даражаси нечоғлик буюк эканлиги ҳақида оятлар, илм йўлида жасорат кўрсатган ва кўрсатаётган устозларга барча мавжудоту-махлуқотлар ҳаттоинки сувда сузиб юрган балиқлар ҳам истиғфор айтиб, ҳаққига дуо қилиши ҳақида маълумотлар келган.

Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида эса бундай дейдилар:

“إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ”
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي أمامة الباهلي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу оят ва ҳадисдан билсак бўладики, устозларнинг, муаллим ва мураббийларнинг шону-шуҳрати, мақому-мартабаси юксакдир. “Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айганлар: “Албатта мен муаллим қилиб юборилганман”. Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли кавагидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга таълим берувчи устозларга саловат айтадилар”, деганлар. Ризоуддин Ибн Фахриддин устозларга шундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб туринглар, уларга хушмуомалани, гўзал-у шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутишини назорат қилинглар. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”.

Демак, азиз ўқувчи, бизга хоҳ илм бўлсин хоҳ касб-ҳунар бўлсин, уни ўргатган зот биз учун устоз бўлади ва биздек аҳли илмларнинг зиммамизда эса у зотларга нисбаттан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишимиз лозим бўлади. Шундагина биз ўрганаётган илмимизда барака бўлади ва ўрганган илмимиз эса дунёю охиратда бизга фойда келтиради.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.

Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жомеъ масжид имом хатиби

454560cookie-checkУстозларга эҳтиром вожибдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: