“1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари учун “Устоз-қалб меъмори” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов, фахрий устозлар Аҳмаджон Бобомуродзода, Баходир домла Муртазоев, Мўминжон домла Сайдалиев, Зокиржон домла Шарифов, Муҳаммад-Акмалхон домла Шокиров, Исҳоқжон домла Бегматов, Шоғиёс Шожалилов, Жалолиддин домла Нуриддинов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда институт ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.
Тадбир 4-босқич талабаси Маҳмуджон қори Очилдиев томонидан ўқилган Қуръони каримни тиловати билан бошланди.
Байрамни ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб бериб, устоз ва мураббийларни айём билан муборакбод этди, диний таълим тизимида амалга оширилаётган хайрли ишлар борасида тўхталиб, ислоҳотлар келгусида ҳам давом этишини таъкидлади. Шунингдек, Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, ўқитувчиларни касб байрами билан қутлади.
Талабалар устозларга ҳикматлар ҳамда шеърлар ўқиб, ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар.
Байрам муносабати билан институтнинг бир қатор ўқитувчилари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институтининг ташаккурнома ва мақтов ёрлиқлари билан мукофотландилар.
Тадбир якунида устоз ва мураббийларга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларига, элу юртга файзу барака ато қилишини Аллоҳ таолодан сўраб Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент ислом институти собиқ ректори, Олий маъҳаднинг фахрий устозларидан Баходир домла Муртазоев дуо қилдилар.
Ҳурматли устозлар, илм йўлидаги хайрли ишларингизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!