Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Уларнинг қай бирларига эргашсангиз ҳам тўғри йўлни топасиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари шундай зотларки, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг ҳабибига ҳамроҳ қилди. Саҳобаларга Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жой бериб, суҳбатларига мушарраф этди. Қалбларига яқин айлаб, дуоларини олиш бахтига сазовор айлади.
Ана шундай бахтга сазовор бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк эътирофларига эришган зот Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳудир.
Эй, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу, сиз шундай зотсизки, Аллоҳ таоло сиз сабабли оят нозил этди. Сиз шундай зотсизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга бу дунёда кўзларингиз ожиз қилиб яратилган бўлсада, охиратда кўзларингиз Роббимнинг жамолини кўриш неъмати хушхабарини берган эдилар. Сиз шундай зотсизки, Аллоҳ таоло сиз сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илоҳий итоб юборди.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш аъёнларини исломга даъват қилаётган эдилар. Сиз келиб, баланд овозда: “Ей Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг”, дея бир неча бор такрорладингиз. Кўзларингиз ожиз бўлганлиги боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай иш билан машғул эканини сезмас эдингиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайш мушрикларини исломга киришларини шунчалик истар эдиларки, сизга алоҳида эътибор кўрсата олмадилар. Юзларини бошқа томонга бурдилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди: “Афтини буриштирди ва юз ўгирди. Кўзи кўр киши келганда. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”. (Абаса,1-4)
Эй, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу! Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай мартаба эгасизки, Аллоҳ таоло сиз ҳақингизда айтилган ушбу сўзларни асрлар бўйи ўқиладиган илоҳий Китобда собит қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қачон келсангиз доимо, Роббим мени унинг учун итоб қилган инсон, марҳабо, деб кутиб олар, ридоларини сизга тўшаб берар эдилар. Сиз шундай зотсизки, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари”, деган улуғ шарафга сазовор бўлган эдингиз. Сиз шундай зотсизки, ёшингиз саксондан ошган бўлсада, урушга отландингиз. Урушда байроқдор бўлдингиз. Мардонавор курашдингиз, ортингизга қанчалаб ўқлар отилган бўлсада, чидадингиз, енгилмадингиз, “мусулмонлар байроғини” қўлингиздан туширмадингиз. “Ислом байроғини” қўлингизда тутган ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузирига йўл олдингиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Абдуллоҳ ибн Умму Мактум.
Мадинаи Мунаввара… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк бора Мадинага ҳижрат қилиб келган кун. Барча мадиналиклар “Қанийди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимга тушсалар, уйимда меҳмон бўлсалар, бу бахт менга насиб этсайди”, дея интизор бўлаётган онлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини ушлаб, “Ё Расулаллоҳ, менинг уйимга киринг, менинг уйимда меҳмон бўлинг”, дея сўрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяни йўлини тўсмасликни, Аллоҳ туяга амр қилганини, туя кимнинг уйининг олдида чўкса, ўша инсоннинг уйига киришлигини айтардилар. Ҳамма туяни ўзининг уйи олдида чўкишини истар эди. Туя эса бир инсоннинг уйи томонга бурилди. Эй, Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу! Бу қандай бахт бўлдики, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сизнинг уйингиз томон бурди. Ўзининг ҳабиби, набийси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сизнинг уйингизда меҳмон бўлишлигини, ҳамма орзу қилган бахт – У Зот билан бирга бир уйда яшаш бахтини сизга насиб этди. Мадинада энг саодатли уй сизники бўлди. Пайғамбаримиз уйингиздан кўчиб чиққанларидан кейин ҳам, у зот билан яқин, оила аъзосидек эдингиз.Кейинчалик, Пайғамбаримиз вафотларидан кейин, Канстантинопол фатҳига отландингиз. Ёшингиз қариб, белингизда мажол қолмаса ҳам, “Қустантиния фатҳ этилажак. (Қўшиннинг) амири нақадар яхши йўлбошчи, бу қўшин ҳам нақадар яхши қўшин”, ҳадисидаги башоратдан умидвор эдингиз. Ўша яхши қўшин сафида бўлдингиз. Ўшанда ёшингиз 80 га бориб қолган эдингиз. Турк тупроқларига муборак жасадингизни топшириб кетдингиз.
Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу!
Мадина бозори… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир отга харидор бўлдилар. От эгаси бир аъробий эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пулни олиб келиш учун кетдилар. Бу орада отнинг сотилганини билмаган бир неча кишилар аъробий атрофини ўраб олиб, савдолаша бошлашди. Бошқа киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нархдан ортиғини таклиф этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийга: “Ахир мен уни сендан сотиб олдимку?” дедилар. Аъробий: “Йўқ, Аллоҳга қасам, мен уни сенга сотган эмасман. Сўзингга гувоҳ келтир”, деб туриб олди. Шунда бир киши бу ҳолатга гувоҳлик берди. Бу зот Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳу эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга: “Нимага асосланиб гувоҳлик беряпсан, эй Хузайма? Ахир сен биз билан бирга эмасдингку?!” дедилар. Сиз эса, “Аллоҳдан келтираётган шунча хабарда ростгўй бўласизда, битта от савдосида ёлғон сўзлармидингиз”, дея жавоб бердингиз. Шу гувоҳлигингиз сабабли, ҳали ҳеч ким сазовор бўлмаган, ҳеч ким эриша олмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тасдиқ этган бир эътирофга мушарраф бўлдингиз. Сизнинг бир гувоҳлигингиз икки кишининг гувоҳлиги ўрнига ўтадиган бўлди. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Хузайма ибн Собит.
Ҳаммангиздан Аллоҳ рози бўлсин, эй саодат асрининг бахтиёр инсонлари!
Тошкент ислом институти
103-гуруҳ талабаси Мирзаева Муаттарой