islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Жамиятдаги иллатлар – ҳар биримизнинг муаммоимиз”

Бугун, 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни. Жаҳон ҳамжамиятини огоҳликка чақириш, аҳолининг орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш, шунингдек, бу дардга чалинган инсонларга тиббий, моддий ва руҳий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида 1988 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳар йилнинг 1 декабрь санаси Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Сана муносабати билан Тошкент ислом институт талабалари учун ТИИ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан “Жамиятдаги иллатлар – ҳар биримизнинг муаммоимиз” мавзусида тадбир ўтказилди.

Давра суҳбатига Тошкент педиатрия тиббиёт институти юқумли касалликлар, болалар юқумли касалликлари, Фтизиатрия ва пульмонология кафедраси ассистенти Файзиев Баҳром ташриф буюриб маъруза билан иштирок этди.

ОИВ инфекцияси ҳозирги куннинг глобал муаммоларидан бири саналади. Касаллик эпидемияси бошлангандан буён дунёда 75 миллиондан ортиқ одам ушбу инфекция билан хасталанган. Шудан ҳам кўриниб турибдики, ОИВ ва ОИТСга қарши бутун дунё ҳамжиҳатликда курашиши лозим.

Инфекция 75 фоиздан ортиқ ҳолатларда 25-49 ёшли кишилар ўртасида учрамоқда. Касаллик профилактикаси ва унга қарши курашиш тадбирларини режалаштириш ҳамда амалга оширишда унинг юқиш омилларини аниқлаш муҳим ҳисобланади.

Сўнгги йилларда бутун дунёда ОИТСнинг жинсий йўл билан юқиш даражаси ортиб бормоқда. Бу ҳолат мамлакатимизда ҳам кузатилиб, 2021 йилнинг 10 ойи давомида рўйхатга олинган беморларнинг 74 фоиздан ортиғига хасталик шу йўл билан юққани гумон қилинган.

Мамлакатимизда ОИТСга қарши кураш тизими томонидан охирги йилларда барча йўналишларида сезиларли натижаларга эришилмоқда. 2019-2020 йилларда Республикамизнинг 2 та йирик шаҳри — Тошкент ва Самарқанд ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва аҳоли соғлиғини яхшилаш тўғрисидаги “Париж декларацияси” деб номланадиган бутунжаҳон ташббусига қўшилди.

ОИВ аниқланган шахсларни даволашнинг дунёда тан олинган усули — ретровирусга қарши даволаш усули бўлиб, юртимизда беморларнинг 75 фоиздан ортиғи ушбу даволаш усули билан қамраб олинган. ЖССТнинг “ОИВ аниқланиши билан даволашни бошлаш зарур” деган тавсиялари асосида бугунги кунда меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жорий йилда ватанимизга қайтган 158 минг 448 нафар меҳнат муҳожирларининг 80 фоизга яқини ОИВга текширувлар билан қамраб олинди ва инфекция аниқланган ҳолатларда диспансер назоратига олинди.

Мамлакатимизда ЖССТ тавсияларига мувофиқ, ОИВ инфекцияси онадан болага юқишининг олдини олиш дастури жорий этилган. Унга кўра, ҳар йили ўртача 600 минг ҳомиладор аёллар ОИВга текширилади. Инфекцияли аёллардан туғилган чақалоқларга  хасталик юқишининг олдини олиш мақсадида ретровирусга қарши дорилар ўз вақтида бериб борилади.

Онаси чет давлатларда бўлиб, фақат туғиш вақтида Ўзбекистонга келган ёки шифокорларнинг тавсиясига амал қилмаган ҳолларда чақалоқларнинг касалликни юқтириб олишини кузатиш мумкин. Инфекция онадан болага ўтишининг олдини олиш мақсадида ретровирусга қарши жорий этилган профилактика самарадорлиги 95 фоиздан зиёд даражани кўрсатмоқда.

ОИВ инфекциясини республикамизда тарқалишининг олдини олиш мақсадида ЮНИСЕФ, ЮНФПА каби ҳалқаро ташкилотлар билан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат

бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов

347690cookie-check“Жамиятдаги иллатлар – ҳар биримизнинг муаммоимиз”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: