islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бағрикенглик – маърифатга асосланувчи олий қадрият

Бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунча. 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, ягона мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.

Бағрикенгликка олий қадрият сифатида қарайдиган бўлсак минг йиллардан буён мусулмончилик ғоялари асосида яшаб келаётган жамият ўз навбатида бағрикенглик хусусиятларини ислом таълимотидан ўзига сингдирган дейишга асосимиз бор.

Ислом таълимотида дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенглиги тушунтиртлади. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб аждодлар шундай йўл тутганлар ва бизга ҳам шундай ўргатганлар. Мана масалан, Самарқанд шаҳрида Дониёр пайғамбар номи билан аталадиган мақбара ислом, христиан ва яҳудийлик дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланади. Шу биргина мисолнинг ўзи олийжаноблик, эзгулик ва том маънодаги бағрикенглик асосини ташкил этади. Ўзгаларнинг тили, дини, эътиқоди, ибодат масканларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишда динимиз таълимоти, Мотуридий, Самарқандий, Насафий, Яссавий каби бобокалонларимиз угитларига асосланиб келганмиз. Бурҳониддин Марғиноний ўзининг “Ҳидоя” асарида Мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни ўз жойида яна қайта тиклаш мумкинлигини таъкидлаб ўтган. Шу каби, юртимиз алломалари томонидан яратилган манбаларда бағрикенгликка оид маълумотларни яна кўплаб топиш мумкин.

Ислом таълимоти нуқтаи назаридан бағрикенглик мезонларини қуйидагича ифодалаш мумкин:

  • хушмоамалалик – қўпол сўзламаслик, одамларни яхши ёмонга ажратмаслик(Наҳл, 125);
  • мажбурламаслик – ўз қараш ва эътиқодига бошқаларни ҳам бўйсундиришга уринмаслик (Бақара, 256);
  • беозорлик – ҳеч бир диннинг ибодат масканларига зиён етказмаслик (Ҳаж,40);
  • адолатлилик, холислик – дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳаммани бир кўзда кўриш (Моида, 8.);
  • мулоқот ва ҳамкорлик – турли миллат ва турли дин вакиллари билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш (Ҳужурот, 13).

Дарҳақиқат, инсоният бир ота-онадан тарқалган. Унинг тили, ирқи, миллатининг хилма-хиллиги Яратганнинг қудратидандир. “Оят-мўъжизаларидан яна бири шуки у зот еру осмонни яратган. Тилу рангингизни ҳар хил қилган. Бундан олимлар ибрат олади” (Рум, 22).

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини айта туриб, унинг одни олишнинг бирламчи воситаси сифатида одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш таклифини илгари суради.

Президент ўз нутқида исломни азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этувчи, эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этувчи дин сифатида таъриф этар экан аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини мисол келтириш билан ўз фикрини далиллайди.

Президентнинг сессиядаги нутқи бир томондан 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинишига, иккинчи томондан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада катта ислоҳотларнинг амалга оширилишига асос бўлди.

Бунинг натижасида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Экстремистик гуруҳларга алоқадорлиги учун назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Тақиқланган ташкилотларга адашиб кириб қолган минглаб фуқаро ҳар йили афв этилмоқда. Шунингдек, 2019-2021 йилларда ташкил этилган “Меҳр” операцияси доирасида Яқин Шарқ ва Афғонистоннинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан 438 нафар аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди. Тақиқланган диний оқимлар сафига қўшилиб қолган фуқароларни жамиятга қайта мослаштириш билан боғлиқ тизимли ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Ўз навбатида, ҳукумат томонидан ислом динининг мусаффолигини асраш, уни турли бузғунчи оқимлар ғояларидан айри эканини ёш авлодга сингдиришга қаратилган тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар 2017-2021 йилларда ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши – хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар доирасида тизимли ишлар амалга оширилди. Миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик тинчлик ва тараққиёт асоси сифатида кўрилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини қарор топтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизнинг ислом цивилизациясини ривожлантиришдаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам маънавий тараққиётни таъминлашга катта эътибор қаратилиб соҳани янги босқичга олиб чиқиш мақсади қўйилди. Жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида вазифлар белгиланди.

Ўзбекистонда миллати ва динидан қатъи назар барча бир юртнинг фарзандидир. Шу юртда туғилиб ўсган ҳар бир инсонга ота-боболари, бувилари аҳил, бирдам яшаш нақадар улуғ фазилат эканлигини болаликданоқ сингдириб улғайтирадилар. Шундай экан, ҳар биримиз бағрикенгликни олий қадрият сифатида қабул қилиб юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликни асраб-авайлашга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси

катта ўқитувчиси М.Насриев

347830cookie-checkБағрикенглик – маърифатга асосланувчи олий қадрият

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: