islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТАЗКИЯ ВА ТАРБИЯ: ВАҚТИНГИЗ ҲАЁТИНГИЗ

Замонавий техника воситалари вақтдан ютишга имконият

Ота-боболаримиз яшаган даврларга назар солсангиз, газ, автомобил, самолёт, компьютер каби қулайлик туғдирувчи воситалар бўлмаган. Чой қайнатиш учун ҳам камида ярим соат вақт кетган. Ҳозирги кунда эса бунинг учун икки дақиқа кифоя. Бечора аёллар буғдойни туюб ун қилиб, кейин хамир қориб, олов ёқиб, нон пиширишган. Ҳозир-чи? Тайёр ун ва уни хамир қорувчи машинага солсангиз бас. Кейин печга қўясангиз, нон тайёр. Олдинлари Лоҳурга бориш учун поездга ўтириб, бир кеча-кундуз юрардингиз. Бугун эса бунга самолёт билан бир соатдан ошиқроқ вақт сарфлайсиз, холос.

Ҳа, ҳозирги кунда сиз янги техника воситалари ёрдамида вақтдан унумли фойдаланишга эришасиз. Аммо, шунда ҳам ортиб қолган вақтимизни ортиқча ва фойдасиз, ҳатто зарарли ишларга сарфлаётганимиз ачинарли ҳол. Буни билиш қийин эмас. Чунки кундалик амалларимиз ва муомала-муносабатларимиз шуни кўрсатиб турибди.

Кимни қараманг, фурсат бўлмаяпти, вақт тополмаяпман каби иборалардан тиллари чарчамайди. Ҳолбуки, ҳар бир инсонда соатлаб вақт топилади. Аммо вақтнинг қадрига етмаслик, ундан тўғри фойдаланмаслик уни беҳуда зое қилишимизга сабаб бўлади. Масалан, бир соат вақтингиз бор. Сиз эса уни фойдасиз суҳбат ёки ишлар билан ўтказасиз. Энди қаранг, бир ишни тугатиб иккинчисига киришиш учун орада бироз вақтингиз бўлса, нима қиласиз? Кўпчилик уни бироз дам олволай, деган баҳонада беҳуда сарфлайди. Аслида, ўша орада яна бир фойдали амал билан машғул бўлиш орқали дам олса ҳам бўларди. Афсус, қимматли вақтларни шу йўсинда йўқотамиз-да, кейин бирор муҳим ишни бажаришга келганда, вақт етмаяпти, бошқа ташвишларим кўпайиб кетди каби гаплар билан ўзимизни овутамиз. Аслида бунинг сабаби ғафлат ва бекорчиликдан бошқа нарса эмас. Шу боис корли ишларга вақт қолмайди.

Бутун уммат йўлиққан касалликдир бу. Ҳолбуки, ислом таълимотлари вақтни исроф қилмаслик ва ундан тўғри фойдаланишга очиқ-ойдин чорлаб келган. Масалан, биримиз касал кўргани борамиз. Суннатга кўра унинг олдида узоқ қолиб кетмаслик керак. Шунга амал қилинса, инсон ўзининг ҳам, шеригининг ҳам вақтини олмайди. Агар акси бўлса-чи? Унда иккисининг ҳам вақти беҳуда ишга сарфланган бўлади. Шунингдек, дўстини зиёратига борган киши керакли гапларни гаплашсин. Майли, бироз кўнгил кўтарувчи суҳбат ҳам қилсин. Лекин, бор вақтини ортиқча ва фойдасиз гаплар билан ўтказмасин.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

асар ва мақолалари асосида

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

347890cookie-checkТАЗКИЯ ВА ТАРБИЯ: ВАҚТИНГИЗ ҲАЁТИНГИЗ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: