islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 15, 2025

Day

Таниқли олим Ҳамза Бакрийнинг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташрифи

Истанбул университети Илоҳиёт факултети профессори, таниқли олим доктор Ҳамза Бакрий Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари ва талабалари учун муҳим эътиқодий масалаларга бағишланган илмий суҳбат ўтказиб берди. Тадбирда институт Илмий ишлар ва фан бўйича проректор С.Примов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи A.Aллоқулов, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этишди. Илмий мажлисда доктор Ҳ.Бакрий талабаларни қизиқтирган саволларга илмий далиллар билан жавоб берди. Хусусан, илм, эътиқод, гумон ва шак сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари, ақл билан идрок этиладиган нарсалар тасдиқ ва тасаввурга бўлиниши, тасдиқ эса илм ва эътиқодга тақсимланиши ҳақида, бу тақсимотларни яхши англаш эса иймон ва унга боғлиқ муҳим мавзуларни теран англашга катта ёрдам бериши таъкидланди.Шунингдек, бугунги кунда долзарб мавзулардан ҳисобланган, такфир масаласининг асл моҳиятини очиб берадиган тавҳиднинг учга тақсимланиши ва унга доир муҳим мавзулар, хусусан тавҳидни учга – рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳиди ҳамда исм ва сифатлар тавҳидига тақсимлаш хатари, унинг тарихи ва бу масаладан қандай ақидавий ва фиқҳий ҳукмлар юзага чиқиши ҳақида асосли, илмий далиллар айтиб ўтилди. Ҳақиқатдан ҳам, ушбу мавзу бугунги кунда билиш лозим бўлган муҳим нуқта ҳисобланади. Мусулмонларни ширкда айблашдек хатарли сўзга илк қадам ҳисобланган ушбу мавзуни бугунги кунда ҳамма, айниқса илм аҳллари билиш лозим ҳисобланади. Тадбир сўнгида доктор Ҳамза Бакрийга институт раҳбарияти номидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 188

Тиллар кафедраси томонидан АРМга қимматли китоблар топширилди

Тиллар кафедраси ташаббуси билан институтнинг Ахборот-ресурс марказига (АРМ) араб тили ва балоғат фанларига оид икки муҳим асар – “دروس البلاغة في علم البلاغة” ва “تحفة السنية بشرح المقدمة الآجرومية” китоблари 60 донадан топширилди. 1. “دروس البلاغة في علم البلاغة” Бу асар араб тили балоғатини ўрганишда энг асосий қўлланмалардан бири ҳисобланади. Муаллифлари – Али ал-Жарим ва Мустафо Амин. Китобда балоғатнинг уч асосий йўналиши – илмул-баён, илмул-маъоний ва илмул-бадиъ тартибли ва содда услубда баён қилинган. Асарда Қуръон оятлари, ҳадислар ва араб адабиёти намунасидаги мисоллар орқали қоидалар тушунтирилган. 2. “تحفة السنية بشرح المقدمة الآجرومية” Машҳур наҳвий асар “Ажрумийя” матнига Мисрлик олим Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид томонидан ёзилган шарҳ. Китобда грамматик қоидалар оддий ва аниқ изоҳлар билан берилиб, ўрганувчига араб тилининг асосий қонун-қоидаларини пухта ўзлаштириш имконини беради. Китобларнинг аҳамияти: • Ушбу асарлар мадрасавий ва университет таълим тизимида асосий ўқув қўлланма сифатида қўлланиб келинмоқда. • Араб тилининг балоғат ва наҳв фанларини чуқур ўрганишда талабалар учун энг қулай дастур ҳисобланади. • Қадимий анъанавий матнлар билан бирга замонавий таълим жараёнида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Китоблар белгиланган тартибда АРМ фондига киритилиб, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг фойдаланиши учун жойлаштирилди. 189