Истанбул университети Илоҳиёт факултети профессори, таниқли олим доктор Ҳамза Бакрий Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари ва талабалари учун муҳим эътиқодий масалаларга бағишланган илмий суҳбат ўтказиб берди.
Тадбирда институт Илмий ишлар ва фан бўйича проректор С.Примов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи A.Aллоқулов, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этишди.
Илмий мажлисда доктор Ҳ.Бакрий талабаларни қизиқтирган саволларга илмий далиллар билан жавоб берди. Хусусан, илм, эътиқод, гумон ва шак сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари, ақл билан идрок этиладиган нарсалар тасдиқ ва тасаввурга бўлиниши, тасдиқ эса илм ва эътиқодга тақсимланиши ҳақида, бу тақсимотларни яхши англаш эса иймон ва унга боғлиқ муҳим мавзуларни теран англашга катта ёрдам бериши таъкидланди.
Шунингдек, бугунги кунда долзарб мавзулардан ҳисобланган, такфир масаласининг асл моҳиятини очиб берадиган тавҳиднинг учга тақсимланиши ва унга доир муҳим мавзулар, хусусан тавҳидни учга – рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳиди ҳамда исм ва сифатлар тавҳидига тақсимлаш хатари, унинг тарихи ва бу масаладан қандай ақидавий ва фиқҳий ҳукмлар юзага чиқиши ҳақида асосли, илмий далиллар айтиб ўтилди.
Ҳақиқатдан ҳам, ушбу мавзу бугунги кунда билиш лозим бўлган муҳим нуқта ҳисобланади. Мусулмонларни ширкда айблашдек хатарли сўзга илк қадам ҳисобланган ушбу мавзуни бугунги кунда ҳамма, айниқса илм аҳллари билиш лозим ҳисобланади.
Тадбир сўнгида доктор Ҳамза Бакрийга институт раҳбарияти номидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.