islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳақ даъват билан ботил даъват ўртасидаги 5 фарқ

1. Ҳақ даъватнинг манфаати исломга, мусулмонларга, ботил даъватнинг манфаати даъватчининг ўзига қайтади.

Бу нуқта шайх Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг гаплари бўлиб, ҳақ даъватнинг энг ёрқин мисоли Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун араб дунёсини иймон – ислом байроғи остида бирлаштирдилар. Оёқлари остига чексиз бойликларни олиб келиб ташлашди, бироқ барчасини умматига тарқатиб, фақирликда кичкина ҳужраларда яшадилар.

2. Ҳақ даъват кучлини адолатга, ботил даъват кучсизни сабр ва шукрга чақиради.

Албатта, заиф ва мазлумни сабрга чақириш исломнинг шиорларидан. Бироқ бунинг шартлари бор. Шартларидан энг асосийси, золимни ҳам адолатга чақириш, қодир бўлмаган тақдирда эса, мазлумни сабрга чақиришда золимни оқлагандек бўлиб қолмаслик.
Бироқ ботил даъват эгаси золимга насиҳат қилиш у ёқда турсин, уни оқлайди, мазлумни эса шукр ва сабр қилмагани учун маломат қилади. Золимларга улар учун узр қидириб, камоли ахлоқ ва тавозе билан муносабатда бўлса, мазлумларга таъна – маломат билан, болага дакки бераётган отадек муомала қилади.

3. Ҳақ даъват эгаси одамларни Аллоҳга боғлайди, ботил даъват эгаси одамларни ўзига боғлайди.

Бунинг мисоли шуки, ботил даъват эгасидан қайси олим ёки даъватчи ҳақида сўрасангиз, иложи борича уларни ўзидан пастроқ кўрсатиб, одамларга ҳақ йўл ўзи орқали бўлишини айтаётгандек бўлади. У бошқа даъватчи ёки олимларни тан олиши мумкин, бироқ бунинг учун ўша даъватчилар унга тобеъ ёки унинг йўлига юрадиган бўлишлари керак.
Ҳақ учун даъват қилувчилар эса кишиларга қаерда яхшилик топса олиши кераклигини ўргатади. Уларни бир йўл ёки оқимга эмас, исломга чақиради. Ўз тоифасидан бўлишга эмас, уммат бўлишга ундайди.

4. Ҳақ даъват эгаси атрофида кўпроқ ожизлар, фақирлар жамланади, ботил даъват эгаси аторифида кўпроқ бойлар ва жабборлар жамланади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида Усмон ибн Аффон, Абдуроҳман ибн Авф каби бойлар бўлган, бироқ у зотнинг, соллаллоҳу алайҳи васаллам, олдиларида бойлар фақирлардан устун бўлмаган. У зотнинг, соллаллоҳу алайҳи васаллам, аксар ҳамроҳлари айнан камбағаллар бўлган.
Ботил даъват эгаси эса сафарда ҳам, ҳазарда (муқим пайтида) ҳам бойлар даврасида юради. Камбағаллар унинг атрофида фақат хизмат учун жамланиши мумкин. Дастурхони атрофида эса улар эмас, бойлар, амалдорлар ўтира оладилар.

5. Ҳақ даъват эгаси тойилмайди, хато қилмайди эмас, тойилади, хато қилади, бироқ насиҳатни қабул қилади, ўзини ислоҳ қилади. Ботил даъват эгаси эса ўз наздида асло тойилмайди, одамлар кўзида эса тойилаверади, қабиҳ ҳолатларга тушаверади, бироқ ўзини оқлаб, тавба қилмай юраверади.

Имомимиз имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга биров одобсизлик ва кескинлик билан: “Аллоҳдан қўрқ!” деди. У зот эса бу гапдан таъсирланиб, ерга қараб, ранглари қизариб, кўзлари намланиб, узоқ ўтириб қолдилар. Кейин ўзларига келгач, ўша кишига қараб: “Аллоҳ сизни мукофотласин. Шундай гапни айтадиган одамга бизнинг замонда қанчалар ҳам муҳтожмиз…” дедилар.

М.Усмон

350610cookie-checkҲақ даъват билан ботил даъват ўртасидаги 5 фарқ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: