islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТАЗКИЯ ВА ТАРБИЯ: ВАҚТИНГИЗ ҲАЁТИНГИЗ

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади:

إذا أصبحتَ فلا تنتظِرِ المساءَ ، وإذا أمسيْتَ فلا تنتظِرِ الصَّباحَ

“Агар тонг оттирсанг, кечқурунни кутма. Агар кеч киргизсанг, тонгни кутма”. (Бухорий ривояти).

Букайр ибн Омир Абдураҳмон ибн Абу Нуъм Бажалий ҳақида бундай дейди: “Агар унга сизга ўлим фариштаси келиб турибди, дейилса, унда амалда зиёдалик бўлмасди”. Ҳа, у зотлар ҳар бир амални вақтида қилгани учун қўшимча амал қилишга эҳтиёж сезмаганлар.

Муҳим савол ва унинг жавоби

Бир киши айтиб қолди: “Вақтларни тартиблаб, унга амал қилиб юриш сиз каби инсонлар учун имконли. Чунки, одамлар сизларнинг риоянгизни қилиб, тартибингизга халақит қилишмайди. Яна сизларда хизматингизда турадиган ходимлар ҳам бор. Аммо, оддий одамларнинг вақт тартибига амал қилиб юриши анча маҳол иш. Чунки, улар вақт тартиблаб, кунлик вазифалари учун жадвал тузсалар-да, устиларидаги раҳбарлари у бечоралар белгилаган ишларидан бошқасига буюрадилар. Баъзан эса бир амални вақтида қиламан, деганда оиласида кимдир касал бўлиб қолиб, хизматчиси йўқлиги сабабли унга ўзи қараб хизматида бўлишига тўғри келиб қолади. Хуллас, шу сингари тўсиқ кўп. Шундай экан, у бечора режалаган ишларини белгиланган вақтларда қаёқданам бажарсин?”.

Мен унга айтаманки, аслида сиз келажакда бўлиб қолиши мумкин, деган эҳтимолий хавф, касаллик, изтироб, қийинчилик ва ҳоказолар билан тузиб чиққан тартибингизга амал қилишни тарк қилманг. Агар амал қилиб боришингиз асносида бирор шаръий узр сабабли ёки иш жойингиздаги қонун-қоидага амал қилишингиз учун кунлик тартибингизга риоя этолмасангиз, бунинг зарари йўқ. Чунки, вақтларни тартиблаб, кунлик режа тузишдан мақсад ҳаёт лаҳзаларини беҳуда ишлар билан ўтказмай, балки ҳар бир вақтни динингиз ёки дунёйингизга фойдаси тегадиган ишларга сарфлашингиздир.

Шундай экан, кутилмаган ишлар чиқиши сиз учун шаръий узр бўлади. Бир амални ўрнини иккинчиси босиб кетади. Масалан, Қуръон тиловати учун бир вақтни ажратдингиз, энди бошлагандингиз, оилангиздан кимдир касал бўлиб қолди. Бу пайтда сиз тиловатни қўйиб, уни касалхонага олиб бориш билан машғул бўласиз. Шу жойда сиз тиловат қилиш савобини ололмасангиз ҳам, ўрнига касалга қараш савобига эришдингиз. Тиловат қилиш мустаҳаб савобли ишдир, лекин касалга қараш фарз амал ҳисобланади. Демак, сиз нафл ўрнига фарзни бажардингиз. Ҳеч ҳам афсусланманг. Аммо, тиловат қилишни бошлагангизда сизда дангасалик ёки зерикиш пайдо бўлиб уни тўхтатсангиз, бу энди шариат эътиборга олган узр дейилмайди.

Аммо раҳбарингиз топширган ишларга келсак, қарайсиз, ўша ишни тугатганингиздан кейин ҳам вақт ортиб қолса, кунлик вазифангизни давом эттиринг. Агар вақт қолмаса, ёки вақт қолди-ю, лекин сизга рухсат бўлмаса, бунинг зарари йўқ. Хужайингиз айтганини қилаверинг. Ўзингизни маломат қилманг, чунки сизда ўзингизни оқловчи узр бор.

Шайх Таҳонавий ҳикояси

Бир сафар устозлари Ҳинд диёрининг илмий доираларида Шайхулҳинд номи билан танилган Маҳмуд Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳни меҳмонга чақирибдилар. Устоз у кишини ҳурмат билан кутиб олиб, дастурхонни турли-туман ноз-неъматлар билан тўлдирибдилар. Таомланиб бўлишгач, шайх Таҳонавий “Тафсирул баён” номли тафсир китобларини ёзиш вақти келиб қолганини айтиб, устозларидан изн сўрабдилар. Устоз у кишига рухсат бериб, ишидан қолмаслигини таъкидлабдилар.

Таҳонавий айтадилар: “Иш жойимга бориб, ёзиш учун ўтирдим. Лекин, қалбим Шайхулҳинд каби улуғ шайхнинг зиёратини тарк этиш ва унга хизмат қилиш фурсатини бой бериш ҳисобига ёзиш ишларим билан машғул бўлишни маъқулламади. Ёзиш учун ажратилган вақтимни бекор кетмаслиги учун оз миқдор ёзганимдан кейин устозимнинг хизматларига бордим”. У киши: “Тез қайтдингизми?” дедилар. Мен эса қалб у киши билан бир бўлиш ва у кишига хизмат қилишдек шарафли фурсатни қўлдан чиқаришимга рози бўлмаганини айтдим”.

Қаранг, шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ кунлик вазифасини буткул тарк қилмади. Балки, озроқ бўлса ҳам ёзиб, кейин устозини хизматига ҳозир бўлди.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

асар ва мақолалари асосида

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

351140cookie-checkТАЗКИЯ ВА ТАРБИЯ: ВАҚТИНГИЗ ҲАЁТИНГИЗ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: