“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.
Диний стилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).
Шунга кўра, Ислом уламолари илк мусулмонларни “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш умуман мантиқсизлик.
Бироқ, сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган ва мусулмон жамиятларини илк Ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи диний мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Улар бу ишни, Аллоҳ таолонинг:
وَأَنَّ هَـٰذَا صِرَاطِى مُسْتَقِيماً فَٱتَّبِعُوهُ وَلاَ تَتَّبِعُواْ ٱلسُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَن سَبِيلِهِ ذٰلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Яъни: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”. Анъом сураси 153-оятига мухолиф ҳолда қилмоқда.
Сохта салафийлар ва аҳли сунна олимлари
ўртасидаги ихтилофлар
– Қуръон ва сунна матнларининг зоҳиридан ҳукм чиқарадилар;
– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) каби диний атамалардан фойдаланиш орқали мусулмонларни ватангадо қиладилар;
– фиқҳий мазҳабларни бидъат деб билишиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;
– тасаввуф ва урфни шариатга хилоф деб ҳисоблайдилар;
– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;
Сохта салафийларнинг Ҳанафий мазҳабига зид асосий даъволари қуйидаги ғояларда ўз аксини топади:
– “Ийсолус савобга” тоқатсиз муносабатда бўладилар. Масалан, маййитга Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни йўққа чиқарадилар;
– “Васила” қилиш ширк;
– Қабрларни зиёрат қилиш ва уларга Қуръон тиловати қилиш бидъат;
– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.
– ўзларини “юқори табақа мусулмонлари” деб ҳисоблаб, мазҳабларга мансуб мусулмонларни паст табақа, заиф, ноқис мусулмонлар, деб биладилар. Улар ўзларини салафларга эргашувчилар, деб ҳисоблаб, мазҳабдаги мусулмонларни эса айрим олимларгагина эргашадилар, деб даъво қиладилар.
Ҳозирги кунда замонавий салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин:
Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлар;
Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган “мўътадил” салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларини диний мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.
Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Имом Муслим раҳмутуллоҳи алайҳ ўзларининг «Саҳиҳ» асараларида, Арафа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар бир кишига жамланиб аҳил бўлиб турганингизда бир кимса келиб, (ҳамжиҳатлик) ҳассангизни синдирмоқчи ёки якдиллигингизни бўлиб ташламоқчи бўлса, уни ўлдиринг”, деганларини эшитдим”.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни бекорга айтмаганлар. Маълум даврда мана шундай нобакорлар чиқиши мумкинлигини ва улар бирдам бўлиб турган жамоани бўлиб ташлайдиган даражадаги фитнани қўзғата олиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.
Тошкент ислом институти талабаси Турсунов Қодиржон Мамасоли ўғли