Тошкент ислом институти талабалари учун қишки таътил муддати 2022 йилнинг 26 декабридан 2023 йилнинг 9 январига қадар этиб белгиланди.
Шу муносабат билан Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан талабалар қишки таътилга чиқиб, доимий яшаш манзилларига кетишлари олдидан “Ис газидан эҳтиёт бўлинг!” мавзусида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ис гази нима?
Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади. Тутун таркиби 3%, ишланган газ 13%, портловчи газлар эса 50−60% гача ис газидан иборат.
Ис газининг ажралиши ностандарт ва носоз газ асбобларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланиш, талабга жавоб бермайдиган дудбуронларни ўрнатиш ёки уларни нотўғри ўрнатиш, мавжудларини ўз вақтида тозаламаслик, газнинг етарли миқдорда ҳаво билан аралашмаслиги туфайли содир бўлади.
Бу газнинг хавфлилиги шундаки, у кислородга нисбатан 300 баробар тез ва кўпроқ гемоглабинга бирикиш ҳусусиятига эга. Шунинг учун ҳам, жуда маҳкам бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил бўлади. Ис гази таркибидаги темир моддаси нафас олиш ферментини парчалайди. Оқибатда тўқималарнинг нафас олиш фаолияти бузилади.
Ис гази сабаб…
Ўзбекистондаги ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг асосий қисми иситиш тизимидаги эътиборсизликдан келиб чиқади. Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган ушбу маълумотларга эътибор қаратсак:
Ўтган 2019/2020 йилги куз-қиш мавсумида республикада 6805 ҳолатда ёнғин содир бўлган. Оқибатда 82 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 139 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Келтирилган моддий зарар миқдори 50 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5986 таси, яъни 88 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келади.
Ёнғинлар сабаби ўрганилганда, уларнинг 30 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 23 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 20 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9 фоизи болалар шўхлиги туфайли, 8 фоизи чекишдаги эҳтиётсизлик, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 16 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.
Бахтсиз ҳодисаларда доим ҳам фуқароларни айблаш хато. Баъзи ҳолларда газ таъминоти идоралари томонидан газ жиҳозлари созлиги мавжуд стандартларга кўра назорат қилинмаслиги ва ўз вақтида техник хизмат кўрсатилмаслиги, дудбўронларни тозалаш, созлаш, белгиланган тартибда ўрнатиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва усталар талабга жавоб бермаслиги ҳам учраб туради.
Биргина мисол, газ асбоб-ускуналарининг носозлиги сабаб 2019 йилнинг октябрь ойидан 2020 йилнинг 31 март санасига қадар жами 107 тан нохуш ҳолатлар рўй берган. Шулардан 52 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб, уларда 89 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган, 3 нафар фуқаро вафот этган, шунингдек, 55 та ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлиб, уларда 75 нафар фуқаро жабрланган ва 73 нафари қурбон бўлган.
Ис газидан қандай ҳимояланиш керак?
- газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш;
• ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланмаслик;
• иситиш печларининг дудбуронларини тоза ва соз ҳолатда бўлишини таъминлаш;
• газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кирмаслик;
• ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик;
• ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланмаслик;
• ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни очиқ ва ишчи ҳолатда бўлишини таъминлаш.
• хонадонларга ис газини аниқловчи қурилма ўрнатиш тавсия қилинади. Зеро, қурилмани сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари оила аъзолари, айниқса ёш болаларнинг ҳаётидан қимматга тушмаслиги аниқ;
• Газ баллонларини иссиқлик манбаига яқин жойда қолдирмаслик лозим.
Газ ҳидини сезганда…
- газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчириш;
• эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш;
• хонада электр жиҳозларини ёқмаслик, ёниқ бўлса ўчирмаслик керак;
• газ чиқаётган жойни аниқлаш учун очиқ оловдан эмас, совун кўпигидан фойдаланиш тавсия қилинади.
Ис газидан заҳарланиш
Ис газидан заҳарланганда бош айланиши, бош оғриғи, ҳушдан кетиш, қолаверса, кўриш ва эшитиш қобиляти, танада терлаш, нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал ҳамда қалтираш ҳолатлари кузатилади.
Ис газидан заҳарланган беморни аввало тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас берилади. Сунъий нафас бемор мустақил нафас олгунга қадар ёки биологик ўлим аломатлари пайдо бўлгунга қадар давом эттирилади. Танани ишқалаш, оёқларга грелка қўйиш, нашатир спирти буғларини ҳидлатиш (нашатир спирти бемор бурнидан камида 1 см узоқликда шимдирилган пахта ёки докада бўлиши шарт, акс ҳолда спиртнинг ўткир ҳиди беморни “паралич” ҳолатига олиб келиши мумкин) беморнинг ўзига келишига ёрдам беради. Ўзига келгач, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш мақсадга мувофиқ. Булар заҳарланганда кўрсатилиши керак бўлган бирламчи ёрдам эди. Шундан сўнг, беморни зудлик билан шифохонага олиб бориш зарур. Чунки, заҳарланишдан кейин ўпка ва асаб тизимида оғир асоратлар вужудга келиши мумкин.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат
бўлими бошлиғи А.Олимов