Истиқлол — бебаҳо бойлигимиз! Уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш эса ҳар биримизнинг энг олий бурчимиздир. Бу борада Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мард ва жасур Ватан ҳимоячиларининг беқиёс хизмати юксак эътирофга лойиқ. 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни тинчлик хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юр-тимизда анъанага айланган. Байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду хуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар оминликда адо этилади, байрамлар ярашади, ҳаётимизнинг ободлиги давом этади.
Кишилик жамиятидаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга зга бўлади, Зеро, тинчлик — бу омонлик ва хотиржамлик асосидир. Жамият имон камолоти ва ҳаловатига тинчлик пайтидагина эришади.
Қуролли Кучларимизнинг ўтган 2 тарихига назар ташлайдиган бўлсак, миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш натижасида Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айланганини кўришимиз мумкин. Ушбу давр ичида ҳарбий хизматнинг нуфузи бениҳоя ортди. Кўча-кўйда ҳарбий либосдаги йигитларга янада ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган бўлдик. Тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган асл ўғлонлар халқимиз меҳрини, эътиборини, ғамхўрлигини ҳамиша юракдан ҳис қилиб яшаяптилар.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи даркор. Айникса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузурида улуғ масъулият деб эътироф этар экан, албатта у муқаддас ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажаришга доим шай бўлади.
Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил она юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидойи бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойлаган кишига, бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади…,», -деб марҳамат қилган эканлар.
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак. Зотан, ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади.
Дарҳақиқат, ўз мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, тинч¬лик, хотиржамлик, осойишталик қарор топган мамлакат гуллаб-яшнайди. Биз келажаги буюк давлат қуришни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун биринчи навбатда, мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратишимиз табиийдир.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Асака тумани Ҳазрат Умар масжиди имом-хатиби Муҳаммадсобир Иминов