Валий луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”[1].
Валий – тасаввуфда Аллоҳнинг зоти ва сифатларини яхши билган, унинг буйруқларини бажариб, гуноҳ ишлардан ўзини сақловчи, дунё лаззати ва шаҳвоний ишлардан юз ўгирувчи киши. Авлиё сўзи “азиз” сўзи билан бирга ҳам ишлатилади. Масалан, “азиз-авлиёлар” тасаввуфда ўзининг кашфу кароматлари билан танилган тариқат шайхларига, пиру муршидларга нисбатан кўлланилади. Ислом анъанасида валийлар қайсидир бир иши, хизмати ёки хислати туфайли Аллоҳга яқин бўлиб қолган, дуолари мустажоб, солиҳ, қобил, камтар кишилардир. Валийлар пайғамбарлар даражасидан кейин туради. Ислом ақидаси бўйича валийлар ҳар қанча кашфу кароматга эга бўлмасин бир оддий пайғамбарнинг мартабасига ҳам ета олмайди[2].
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У Зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, бут ва санамларга ибодат қилаётган ва ҳидоятга эргашмаган мушрикларга шундай деб хитоб қилишни буюради:
﴿إِنَّ وَلِـِّۧيَ ٱللَّهُ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَۖ وَهُوَ يَتَوَلَّى ٱلصَّٰلِحِينَ١٩٦﴾
“Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий (дўст) тутадир”[3].
Аллоҳ таоло Юнус сурасида:
﴿أَلَآ إِنَّ أَوۡلِيَآءَ ٱللَّهِ لَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٦٢﴾
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”[4], деган.
Аллоҳнинг валий (дўст)ларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий – дўст бўлганлари учун, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг валий (дўст)лари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана шу бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийси – дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар?
﴿ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ٦٣﴾
“Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир”[5].
Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳ таолога дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳ таолога дўст бўлганларга эса:
﴿لَهُمُ ٱلۡبُشۡرَىٰ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِۚ لَا تَبۡدِيلَ لِكَلِمَٰتِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَوۡزُ ٱلۡعَظِيمُ٦٤﴾
“Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир”[6].
Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Мазкур хушхабар Аллоҳ таолонинг сўзларидир.
“Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир”.
Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.
Аҳли тасаввуф эса валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса, ўша таърифлар тақво ва ибодат, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатлар соҳиби бўлган валийнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.
Аммо валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шия мазҳабидагилар “Валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилган”, деган фикрни олдинга суришган.
Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақда алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.
ТИИ Модуль таълим шакли
битирувчиси Азизов Мансур
[1] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. –Б.170.
[2] Ўзбекистон миллий энциклопедияси. А ҳарфи. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти –Т.: 2004. Б.97.
[3] Аъроф сураси 196-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:135.
[4] Юнус сураси 62-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:246.
[5] Юнус сураси, 63-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:252.
[6] Юнус сураси, 64-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:254.