islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадис ўрганувчилар одоблари

1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий мақсадларни, раҳбарлик, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги керак.
2. Ўз юртидаги иқтидорли аҳли илмлардан устоз топиши керак.
3. Ўз устозини ҳурмат қилиши зарур. Чунки бу ҳадисни ҳурмат қилиш доирасига киради.
4. Ҳар бир калимани қунт билан ўрганиш лозим. Чунки Аллоҳ Расулининг ҳадислари ўрганилади.
5. Ҳадисга тегишли китоб ва маълумотларни тўплаб, ўқиб-ўрганиб юришга аҳамият бериши керак.
6. Шошилмасдан, аста-секин илм даражаларидан кўтарилиш керак.
7. Ҳадис ўрганиш, ўргатиш ва музокара қилиш учун ғусл қилиб, пок кийим кийиб ҳамда хушбўй нарсаларни сепиб олиш мустаҳабдир. Имом Молик шундоқ қилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, яхшилаб таҳорат қилмагунимча ҳадис айтмайман», дер эдилар.
Аллоҳнинг каломидан кейинги энг мўътабар калом, Роббил оламийннинг Расулининг каломини ўрганишга киришмоқдамиз. Бу бошқа китобларни ёзиш ёки ўқишга ўхшаган шунчаки машғулот эмас. Ҳадис ўқиш ибодатдир, ҳадис ўрганиш савобдир. Қолаверса, ҳадиси шарифларда икки дунё саодатининг калити мавжуддир. Уларда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида нималар қилишимиз лозимлиги кўрсатилган. Бу эса бизнинг катта бахтимиз! Дунёга бир назар солайлик: Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу бахтдан ҳам маҳрумдирлар. Улар ҳали ҳаётда нима қилишни, қайси йўлдан юришни билмай ҳайронлар. Ёки ўзларига ўхшаган ҳайронлардан бирининг амалига, ҳаракатига тақлид қилишга мажбурлар. Дунё муаммолари қаршисида йўл тополмай сарсонлар. Чунки уларнинг тайинли йўл кўрсатувчи юлдузлари йўқ. Улар ҳар бир нарсада қандай йўл тутиш кераклиги тўғрисида бош қотиришга маҳкумлар. Минг машаққат билан топган йўллари эса кўзланган мақсадга элтиши гумон. Бордию шундай бўлган чоғда ҳам беш кунлик дунёнинг бирор вақтинчалик матоҳига элтиши мумкин, холос.
Ҳа, атрофга эътибор билан бир назар солинг. Энг оддий ва арзимас бўлиб кўринган нарсадан тортиб, энг мураккаб ва аҳамиятли нарсаларгача қаранг, ҳодисаларнинг ҳамма-ҳаммасида сиз билан биз мусулмонлар учун очиқ-ойдин, икки дунё бахтига эриштирувчи кўрсатмалар бор. Биздан бошқалар юзини қандоқ қилиб ювишни, ўзини қандай поклашни ҳам билмайдилар. Шунинг учун ҳаммалари ҳар хил йўл тутадилар. Биз эса ҳаммамиз бир хил мустаҳаб, таҳорат, ғусл қиламиз. Бу ишни шариатимиз кўрсатмаси бўйича амалга оширамиз. Шунинг учун бизнинг юз ювишимиз ҳам, покланишимиз ҳам ибодатга айланади. Шунга ўхшаш ҳар бир ишни ҳам динимиз кўрсатмаси бўйича қилишимиз керак. Бу бизнинг бурчимиз, бахтимиз. Бу биз учун тайёр ечимдан фойдаланиш имкони. Бу ҳайронликдан, «нима қилсам бўлар экан» дейишдан қутулиш йўли! Натижаси эса аниқ: бу дунёда – яхшилик, охиратда – жаннатга эришиш!
Ушбу ҳаётнинг ҳамма соҳаси бўйича келган ҳадиси шарифлар тўпламини ўқишдан олдин ниятни соф қилиш зарур.

 Тошкент ислом институти талабаси

Саидасрор Нақибхонов

364290cookie-checkҲадис ўрганувчилар одоблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: