islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ал-Азҳар университети

Азҳар дунёдаги энг қадимий университетлардан бўлиб, Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида жойлашган. Азҳар университетига 988 йилда Фотимийлар томонидан асос солинган ва у бевосита Азҳар масжиди билан боғлиқдир.

Азҳар масжиди Фотимийларнинг расмий масжиди бўлиб, 975 йилдан бошлаб унда шиа йўналишида маърузалар ўқилган. 988 йилга келиб, вазир Яқуб ибн Калас ташаббуси билан у ерда ўқув ишларига асос солиниб, устоз ва талабалар жалб қилинган. 975-йилнинг Рамазон ойида Ал-Азҳарда ўқишлар бошланган. Сайид Фарид Алатоснинг сўзларига кўра, дастлаб Жомияда ислом ҳуқуқи ва фиқҳ, араб тили грамматикаси, ислом астрономияси, ислом фалсафаси ва мантиқ факултетлари бўлган.

Қоҳира, Осиё ва Африканинг туташган ерида жойлашгани боис, Азҳарга ўқиш учун хориждан кўплаб талабалар келишган. Бошланғич таълим тўғридан тўғри масжид ҳовлисида бўлган. Кейинчалик эса хориждан талабалар кўпайгач, улар учун алоҳида ётоқхоналар қурила бошлаган.

Ўқитиш учун жалб қилинган устозлар ва иқтидорли талабаларга маош ва стипендиялар жорий қилинган.Унда шиалар билан бир қаторда суннийлар ҳам таълим олганлар.

1171 йилга келиб Салоҳиддин Айюбий даврида Қоҳирада Фотимийлар ҳукумати ағдарилгач, Азҳар олдинги нуфузини йўқотди ва шофеъий мазҳабига асосланган ислом илмий марказига айлантирилди. Азҳарнинг бой кутубхонасидаги китобларнинг кўпи сотиб юборилган ёки йўқотилган. Маълумотларга кўра у адабиётларнинг адади 120 мингдан 2 миллионгача бўлган.

Бошқа томондан эса Салоҳиддин Азҳарга таълим беришлик учун тиббиёт фанлари олими Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий ва яхудий фалсафачиси Маймонид кабиларни тиббиёт ва астрономия бўйича жалб қилгани айтилади.Бу эса ўз даврида Азҳарда диний билимлар билан бир қаторда дунёвий фанларга ҳам алоҳида эътибор берилганлигига далолат қилади.

XIII асрга келиб, Азҳарда суннийликнинг тўрт мазҳаб вакиллари, шиалар ва суфийлар бирга таълим олганлар. XIV-XV асрларда Азҳар яқинида унга боғлиқ бўлган бир неча мадрасалар бино қилинган.

1517 йил Қоҳира, Усмонлилар таркибига киргач, ҳукумат Азҳарга ёрдамни тўхтатиб қўйган. Пировардида таълим соҳасида пасайиш юзага келиб, баъзи мадрасалар ўз фаолиятини  тўхтатишга мажбур бўлган. Шунга қарамасдан Азҳар, Яқин Шарқдаги шаръий билимлар ва араб тили филологияси бўйича асосий таянч бўлиб қолаверган. У нафақат Миср, балки Африка давлатларидан ҳам талабалар таҳсил оладиган мусулмон оламининг илм маркази эди. XVIII асрга келиб эса Азҳар асосан суннийлик илмий марказига айланган.

XIX асрнинг охирги чорагида, Азҳар ўқув тизимида замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш ишлари амалга оширилиб, Азҳар университет мақомига эришган. 1955 йилда Покистонлик ёзувчи ва журналист аёл Заиб Нисса Ҳамидуллоҳ,  Азҳар университетига таклиф қилинган биринчи аёл бўлди.

Орадан олти йил ўтиб, Азҳар университетида аёллар алоҳида таълим олишлари учун бўлим очилди. Бу бўлимдаги талабалар ҳам, устозлар ҳам фақат аёллар бўлиб, улар учун алоҳида ётоқхона ва шарт шароитлар муҳайё қилинган. Бу ётоқхоналарга эркаклар ва бегоналарнинг кириши таъқиқланган. Бу анъана ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Шу ўринда ўғил болалар ётоқхонаси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсак. Бу ётоқхона тўрт қаватдан олти қаватгача бўлган бинолар мажмуасидан иборат шаҳарча бўлиб, ҳар уч талаба учун бир хона ажратилган. Хоналар ёруғ ва шинам. Ундаги ҳар бир талаба учун алоҳида крават, стол-стул ва шкафлар мавжуд.

Ҳар бир қаватда таҳоратхона, ҳаммом ва овқат пишириш хоналари мавжуд. Фаррошлар доимо тозалик ишларига қараб турадилар. Ётоқхона ҳовлисида эса манзарали дарахт ва гуллар боғбонлар назорати остида парвариш қилинади.

Бир нечта спорт заллари, шифохона, китоблар дўкони, кир ювиш ва дазмоллаш хонаси, сартарошхона, озиқ-овқат дуконлари мунтазам ишлаб туради. Ётоқхонада талабалар учун уч маҳал бепул овқат бериш йўлга қўйилган. Бундан ташқари ётоқхона маъмурияти томонидан ҳафтанинг дам олиш кунларида Мисрнинг диққатга сазовор обидаларини тамоша қилиш учун саёҳатлар уюштирилади.

Тур тоғи, Фиръавн ҳаммоми, эҳромлар, Искандария ва денгиз соҳили каби жойларга бориш талабаларга янада кўтаринкилик бағишлайди. Жума кунлари Азҳар шайхининг шахсан ўзи келиб ётоқхона масжидида маъруза қилиб, талабалар билан учрашувлар ўтказади.

Ётоқхонага аёллар ва бегона кишилар умуман киритилмайди. Мабода талабанинг ота онаси ёки танишлари сўраб келсалар, эшик олдидаги меҳмонлар учун ажратилган хонада улар билан учрашув уюштирилади ва уларни ётоқхонага киритилмасдан ортга қайтарилади.

  Эшик олдида ётоқхона талабаларининг хавфсизлиги учун махсус қоровуллар 24 соат мобайнида сергак туришади. Хуллас, талаба илм олиши ва ўзини эркин ҳис қилиши учун керакли барча нарса муҳайё қилинган.

1932 йилдан бошлаб ўқиш асосан уч йўналишда олиб борилди, улар: “Араб тили, илоҳиёт (теология) ва шариат” факультетларидир.

Бу факультетлар Азҳар масжиди яқинида жойлаштирилган. Бундан ташқари у ерда болалар учун бошланғич таълим мактаби ҳам бўлган. 1961 йили “Азҳарни ривожлантириш қонунлари”га кўра унга тиббиёт, қишлоқ хўжалига ва яна бошқа  факультетлар ҳам қўшилган. Шундан сўнг уларнинг сони тўққизтага етди. Улар:

  1. Усул факультети;
  2. Шариат факультети;
  3. Адабиёт факультети;
  4. Маъмурий бошқарма ва савдо факультети;
  5. Политехника факультети;
  6. Қишлоқ хўжалиги факультети;
  7. Тиббиёт факультети;
  8. Педагогикка факультети;
  9. Аёллар факультетларидир.

Азҳар университетида 20 мингдан зиёд ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар мавжуд. Улардан Ислом академиялари, тадқиқот марказлари, Ислом институтлари ва таълим муассасалари фойдаланишади. Азҳар университети ўз нашриётига эга. Ундан талабалар учун ўқув қўлланмалари, китоблар ва журналлар нашр этилади.

Аёллар бўлимида бешта факультет бўлиб, улар:

  1. Араб тили факультети;
  2. Ислом маданияти факультети;
  3. Тиббиёт факультети;
  4. Ижтимоий фанлар факультети;
  5. Политехника ва савдо факультетларидир.

Бу факультетлардаги барча устозлар фақатгина аёллардан иборат.

Ҳозирга келиб Азҳар университетида етмиш еттита факультет мавжуд. Бундан ташқари Азҳар университетида инглиз тилида юз баллик таълим ҳам жорий қилинган. Азҳар университетининг дипломи халқаро диплом саналиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида тан олинади.

Азҳар университетида таълим олиш мисрлик ва давлат томонидан расмий равишда борган талабалар учун бепул. Бунга қўшимча биз юқорида айтиб ўтган ётоқхона, бепул ўқув китоблари ва степендия билан ҳам таъминланади.

Азҳар университетига таълим олишни истаган хорижлик талабалар, кириш учун керакли ҳужжатларни тўлдиргач, улардан Қуръони карим ва араб тилидан имтиҳон олинади. Олган натижаларига қараб, уларни махсус курсларга жойлаштирилади.

Азҳар университети бугунги кунда Ислом ва араб дунёсидаги энг катта таълим даргоҳи бўлиб, у Миср Араб Республикасининг ўзига хос брендига айланган.

Азҳар университетида ҳар йили дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларидан таълим олишлик учун талабалар келишади.

 Азҳар университети ҳозиргача фаолият юритаётган энг қадимги муассаса ҳисобланади. Бу университет ўқувчилари мантиқ, грамматика, риторика, ой фазаларини ҳисоблаш билан бир қаторда Қуръон ва ислом қонунларини батафсил ўрганадилар. Бугунги кунда у араб адабиёти ва исломий таълимнинг дунёдаги асосий марказларидан бири ҳисобланади.

Тошкент ислом институти

талабаси Юнусов Отабек

 

369970cookie-checkАл-Азҳар университети
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: