islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Марҳабо Рамазон

Рамазон Қуръон ойи. Ушбу ойда Қуръон нозил бўлгани учун у Аллоҳ ҳузуридаги энг ҳурматли ой. Сен ҳам ушбу ойда Қуръонни тафаккур билан ўқиш орқали ўзинг учун уни энг ҳурматли ойга айлантир.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَىٰ وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
185. Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз. (Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».
Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Рамазон ойи муборак ой эканлиги.
Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.
2. Аллоҳ таоло мусулмонларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилганлиги.
Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришдан мақсад ҳам мана шу ҳукмни, яъни Рамазон ойининг рўзасини тутиш ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий этилган фарз эканлигини маълум қилмоқдир.
3. «Унда осмонларнинг эшиклари очилур».
Ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб, осмонга кўтарилур.
4. «Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур».
Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутулур.
5. «Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур».
Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар хайрли ишлари ва ибодатларини бемалол қиладилар.
6. «Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».
Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.
Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишни бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме

масжиди имом хатиби Суфиев Жаъфархон

381130cookie-checkМарҳабо Рамазон

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: