Муқаддас динимиз кишиларни бир-бирига яхшилик қилишга, меҳр-мурувват ва саховат кўрсатишга чақиради. Айниқса, Рамазон ойида бу каби инсоний қадриятлар янада кенг қулоч ёзиб, кўнгилларга сурур ва шукуҳ олиб киради.
Ушбу муборак ойда мўмин киши рўза тутиш билан бирга, кўпроқ тоат-ибодат, тиловат, зикрлар қилади. Яқинлари ҳамда дўст-у ёрларини зиёрат қилиб, уларга эзгу тилакларини билдиради. Энг муҳими, эҳтиёжманд ва кам таъминланганларга хайр-эҳсон улашиб, кўнглини кўтариш ҳаракатида бўлади. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам саховатлари Рамазон ойида аввалгидан-да зиёдалашар эди.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонлар ичида энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида саховатлари янада ортар эди. Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар”.
Демак, сахийлик, қўли очиқлик ҳамда етим-есир, камбағалларга кўмак бериш каби фазилатлар бизга Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос. Бу эзгу анъаналар бугунги кунда давом эттирилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2023-йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани ҳам юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканидан далолат беради. Қолаверса, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли ишлар ҳам таҳсинга лойиқ.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 17-феврал куни Бухоро вилоятига ташрифи асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни Умра зиёратига жўнатиш тўғрисидаги илтимосига розилик бергани халқимиз томонидан катта хурсандлик ва зўр қувонч билан кутиб олинди.
Орадан қисқа фурсат ўтиб, Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги ва яқиндан қўллаб-қувватлаши билан 1400 нафар эҳтиёжманд юртдошимиз муқаддас Умра сафарига йўл олди. Ушбу муборак сафар учун харажатлар давлатимиз томонидан қоплаб берилмоқда.
Юртдошларимиз Жидда халқаро аеропортида ишчи гуруҳ ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қизғин кутиб олиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда.
Зиёратчилар Мадина ва Макка шаҳарларида барча зарур қулайликларга эга шинам меҳмонхоналарда истиқомат қиляпти. Ушбу тураргоҳларда Умра ибодати тадбирлари ташкил этиляпти.
Умра зиёратчиларига кенг қулайлик яратиш мақсадида ишчи гуруҳ, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт ходимлари узлуксиз хизмат кўрсатмоқда. Мадина ва Маккадаги меҳмонхоналарда тиббий хизмат хонаси ҳам фаолият юритмоқда.
Умра ибодатини адо этаётган эҳтиёжманд фуқароларимиз кўп йиллик орзулари ушалганидан хушнуд бўлиб, шундай саодатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамд-у санолар айтмоқда. Бу хайрли ишларнинг бошида турган давлатимиз раҳбарини дуолар қилмоқда. Шу кезларда уларнинг қалби шукроналик ҳиссига тўлиб, ҳаётдан мамнун ва масрур эканини намоён этяпти.
Президентимиз топшириғига биноан, ушбу муқаддас ойда умра зиёратига кетган кам таъминланган юртдошларимизнинг оиласидан хабар олиниб, уларга Рамазон хайр-у эҳсонлари улашилмоқда. Яшаш шароитларини яхшилаш, моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Зотан, мусулмон киши муҳтожларга кўмак кўрсатиши, уларнинг оғирини енгил қилиши улуғ фазилат ҳисобланади.
Бундан ташқари, имом-домлалар маҳалла масъуллари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан ҳамкорликда аҳолининг кам таъминланган қатламига ифторликка сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатмоқда. Уларнинг уйларида ифторлик дастурхони ёзиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиняпти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисдан ифторлик қилиб беришнинг нақадар улуғ экани англашилади.
Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 271 оятида эса бундай дейилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Рамазон ойида қилинган садақа энг яхши садақадир. Шунинг учун кам таъминланган оилаларга Рамазон қувончи ва сурурини олиб кириш ҳар биримиз учун ҳам қарз ва ҳам фарздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон ЭШМАТБЕКОВ
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023 йил 28 март, 59(848) сон