Ер юзида никоҳ тушунчасини Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси асосида ҳаётга татбиқ қиладиган уммат бу – Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматидир.
Аллоҳ таоло ўзиниг каломида эр – хотин ўртасида муносабат қандай бўлиши ҳақида шундай дейди:
” هنّ لباس لكم و أنتم لباس لهنّ ” (187:2)
(Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз)[1].
Ояти каримада “либос” сўзининг ишлатилишида беқиёс ҳикмат бор. Либос инсонга қадрли нарса бўлиб, у аврат аьзоларини беркитиб туради. Уни бошқа махлуқотлардан ажратиб туради. Ер ва хотин ўртасидаги муносабатнинг либос сўзи билан ифодаланишидан ҳикмат шундаки, либос инсонни ҳимоя қилиб тургани каби, эр-хотин ҳам бир – бирининг ёмонини яшириб, яхшисини ошириши керак. Либос инсон танасига энг яқин нарса бўлганидек, эр – хотин ҳам бир – бирига меҳру муҳаббатда яқин бўлиб, бир тану бир жон бўлсин ва арзимаган уруш – жанжал сабабли узоқлашиб кетмасин.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинадики, Ҳазрати Ҳавво онамиз Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг чап қовирғасидан яратилган. Бунинг ҳикмати нимада? Нега бош қисмидан яралмаган? Негаки, бош қисмидан яралмагани сабаби: эрининг бошига чиқиб олиб, оилада мен бошман, деб ўзининг ҳукмронлигини даьво қилмасин, ўзлигини унитмасин. Нега оёқ қисмидан яралмаган? Негаки, қул каби эрининг оёғи остида қолмасин ва хор бўлмасин. Унда нега қовурғадан яралди? Негаки, қовурғанинг чап қисми инсон юрагига қандай яқин бўлса, аёл ҳам эриниг қалбига шундай яқин бўлсин ва унинг севиклиси бўлсин.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
“Islam and Marriage” номли маьрузсидан
инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси
[1] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф. Тафсири Ҳилол