Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари “2+1” форматидаги таълим шаклига кўра, 3 ой муддат оралиғида давом этадиган амалиётни давом эттирмоқдалар.
Тошкент ислом институти талабалари ҳам мазкур «Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудудий тарғибот гуруҳлари»га бириктирилган. ТИИ талабалари 2 ҳафта аудиторияларда ўқиб, 1 ҳафта маҳаллаларда амалиёт ўтаяптилар.
Тарғиботчи-амалиётчи талабаларнинг 1 ҳафталик давомли амалиётларини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида институт ректори М.Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ (штаб) тузилган. Амалиёт даврида талабаларнинг фаолияти, хавфсизлиги, иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва бошқа масалаларда уларга ишчи гуруҳ томонидан зарур кўмак кўрсатилмоқда.
Амалиёт жараёнида тарғиботчи талабалар ҳафта давомида ўзига бириктирилган маҳаллаларда илмий-маърифий тадбир ва суҳбатлар ташкил қилмоқдалар. Жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла раислари ҳамда фаоллар кўмагида талабалар аҳоли билан мулоқот қилмоқдалар, диний-маърифий йўналишдаги саволларига жавоб бериб келмоқдалар.
ТИИ Матбуот хизмати