Аннотация: Бу мақолада ота-онага яхшилик қилиш борасида сўз юритилган бўлиб, айни шу мавзуда ёзилган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Биррул Волидайн” асаридаги ҳадислар ва унинг аҳамияти қичқача ёритилган. Қолаверса қонунчилигимизда ҳам бунга катта эътибор берилганлиги ҳақида сўз юритилади.
Калит сўзлар: оят, вожиб, ғофил, “Нисо”, “Анъом”, “Анкабут”, “Аҳқоф”, ҳадис, гуноҳи кабира, Конституция, модда, умумбашарий.
Бу асарнинг номидан маълумки Бухорий уни ота-онага яхшилик қилиш, фарзанднинг ота-она олдидаги бурчларини ёритиб беришни асосий мақсад қилган. Чунки ислом динида ота-онага яхшилик қилиш, хурматларини бажо келтириш ва уларга олий даражада иззат-икром кўрсатишга тарғиб қилинади, диний қадрият сифатида улуғланади. Ота-она ҳурмати ислом динининг энг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ўз аксини топган.
Жумладан, Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:
{وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاه وَ بِالْوَالِدَيْنِ إحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَ لَا تَنْهَرْهُمَا وَ قُل لَّهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا * وَاٌخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَ قُل رَّبِّ اٌرْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا}
«Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга доимо яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм–шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!».[1]
Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан.[2]
Яна, Аллоҳ таоло Луқмон сурасида марҳамат қилади:
{وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَىٰ وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ* وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلَىٰ أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا ۖ وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا ۖ وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ۚ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُون}
«Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!».
«Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, Қиёмат Кунида) Ўзимга қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман».[3]
Бундан ташқари, “Нисо” сураси 36-ояти, “Анъом” сураси 151-ояти, “Анкабут” сураси 8-ояти, “Аҳқоф” сураси 15-ояти ҳам айнан ота-она ҳурматига бағишланган бўлиб, уларда ота-онага яхшилик қилиш ибодат даражасига кўтарилган.
Энг ишончли олти ҳадис тўплам соҳиблари ҳам ўзларининг асарларида ота-онага яхшилик қилишга доир ҳадисларни жамлаган алоҳида боб келтирганлар. Улардан “Саҳиҳул Бухорий”да 11 та[4], “Саҳиҳи Муслим”да 13 та[5], “Сунани Абу Довуд”да 9 та[6], “Сунани Термизий”да 10 та[7], “Сунани Ибн Можа”да 8 та[8] айнан ота-онага яхшилик қилишга тарғиб қилувчи ҳадислар ривоят қилинган.
Имом Бухорий “Биррул волидайн” асарининг 13-чи рақамли ҳадис ривоятида бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Жиҳод қилайми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан ота-онаси бор-йўқлигини суриштирган. У борлигини айтганида, “Ота-онангга хизмат қил, бу сенинг жиҳодингдир!”, деб марҳамат қилган.[9] Мазкур ҳадис Имом Бухорийнинг шоҳ асари “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да 5972-рақам билан келтирилган саҳиҳ ҳадис ҳисобланади. 14-чи ҳадисида эса бир кимса Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурига келиб, ҳижрат қилишга чоғланаётганини ва бунга ота-онаси кўнмай, йиғлаб қолганини ҳам айтади. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Орқангга қайт, ота-онангнинг ҳузурига бор. Уларни йиғлатганинг каби хурсанд қилиб, кулдиргин!”, деб кўрсатма берлар. Мазкур ҳадис Имом Бухорийнинг яна бир машҳур асари “Ал-Адаб ал-муфрад”да 13-рақам билан келтирилган.
Бу хилдаги ҳадис ва ривоятлар бугунги авлодни баркамол қилиб тарбиялашда, уларнинг жиҳод ёки ҳижрат каби исломий тушунчаларни тўғри талқин қилишларининг олдини олишда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Ота-онага яхшилик қилиш нафақат диний мажбурият балки, ўзбек халқининг азалий урф-одатларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси мустақилликдан сўнг қабул қилган миллий Конституциянинг 66-моддасида айтилади-ки, “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.[10] Бу – анъаналарни асрашга ва ота-онага яхшилик қилиш мавзусининг қанчалик аҳамиятга молик вазифа эканлигига далолат қилади. Конституцияга шу мазмундаги модданинг киритилиши дунё ҳамжамиятида кам учрайдиган нодир ҳолатлардан ҳисобланади. Ушбу модданинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг барчаси миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар-бир миллат ва дин вакили ўз ота-онасига ғамхўрлик қилишга мажбурдир. Бу – умумбашарий қадриятнинг Конституцияда қайд қилинишининг олий кўринишидир.
Уламолар киши ота-онасидан бирига хатто “уф” тортса ҳам уларга оқ бўлади,[11] дейишади. Ота-онага оқ бўлиш эса гуноҳи кабиралардандир.[12] Агар алоҳида тавба бўлмаса, бу охиратда азобга сабаб бўлади. Энди киши ота-онасига ғамхўрлик қилмаса, уларни жеркиса, дилларига озор берса, у инсонга жазо мана шу ҳаётда ҳам берилиши аниқ. Хатто, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47/5-моддаси ва Жиноят кодексининг 123-моддасига кўра вояга етган шахслар меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товласалар жавобгарликка тортиладилар.[13]
Демак, ота-она хизмати инсонни бу дунёда ҳам охиратда ҳам тинч, хотиржам ва бахтли қилади. “Биррул волидайн” асарининг аҳамияти шунда. Ундаги ҳадисларни тадқиқ ва таҳлил қилиб халқимизга етказиб берилса, бу улуғ хизматдан Имом Бухорий ҳам Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам Аллоҳ ҳам рози бўлади. Чунки Аллоҳнинг буйруғи, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг кўрсатмалари ва Имом Бухорийнинг истаклари инсонлар иймон-инсофли, меҳр-шафқатли, олийҳиммат ва инсонпарвар бўлишларидир.
Бугунги кунда аждодлардан қолган маънавий меросни ўрганиш ва халққа етказиб беришга ҳеч қандай таъқиқлар қўйилмаган. Мана шу имкониятдан унумли фойдаланиб, шу вақтга қадар ўзбек тилида ўрганилмаган илмий, диний, тарихий ва жуғрофий манбаларга эътибор қаратиш лозим. Бу борада Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” асари ўзбек тилида батафсил тадқиқ қилинган эмас. Ота-она ҳурматига оид асарларни ўрганиш, уларни ўзбек тилида нашр қилиш ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда жуда муҳим аҳамият касб этади. Демак, Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” асарини ўрганиш долзарб вазифалардан биридир.
ТошДШУ 2 курс магистранти,
Тошкент ислом институти услубчиси,
Қодиров Абдивали Усмонқулович
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
[1] Исро сураси 23-24-оятлар. Таржима ва изоҳ муаллифи: Шайх Аловуддин Мансур. Қуръони Азим таржимаси. – Тошкент, 2019. – 628 б.
[2]Таржима ва изоҳ муаллифи: Шайх Аловуддин Мансур. Қуръони Азим таржимаси. – Тошкент, 2019. – 628 б.
[3] Луқмон сураси 14-15-оятлар Таржимон: Шайх Аловуддин Мансур. Қуръони Азим таржимаси. – Тошкент, 2019. – 628 б.
[4] “Ал-Жомеъус саҳиҳ”: 78-китоб, “Китабул адаб”: 1-8-боблар.
[5] “Саҳиҳи Муслим”: 45-китоб, “Китаб ал-бирр вас-сила вал-адаб”: 1-4-боблар.
[6] “Сунани Абу Довуд”: 35-китоб, “Китабул адаб”: 131-боб.
[7] “Сунани Термизий”: 28-китоб, “Китаб ал-бирр вас-сила”: 1-8-боблар.
[8] “Сунани Ибн Можа”: 33-китоб, “Китабул адаб”: 1-2-боблар.
[9] “Жиҳод” сўзи луғатда “бор имкониятини сарф қилиш”, “бор-будини ишга солиш” деган маъноларни билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари «Бор имкониятингни ота-онангни рози қилишга қарат», деган маънони билдиради. Олтин силсила: 7-жуз: Саҳиҳул Бухорий – Тошкент.: Hilol-Nashr, 2018. – 403 Б.
[10] www.Lex.uz
[11] “Оқ бўлмоқ” ибораси арабча عقوقсўзидан олинган. У луғатда “қулоқ осмаслик”, “бўйсунмаслик” маъноларини билдиради. Ҳасан Басрий: «Оқ бўлиш – икковини ташлаб қўйишинг ва маҳрум қилишингдир», деганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси: 1-жуз. – Т.: «Hilol-Nashr», 2017. – 85 Б.
[12] Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга кабираларнинг энг улкани хабарини берайми?» дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.
«Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш» дедилар». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси. – Т.: «Hilol-Nashr», 2017. – 15-ҳадис. 83 Б.
[13] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47/5-моддаси, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 123-моддаси. (123-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018-йил 9-январдаги ЎРҚ-459-сонли Қонуни таҳририда – Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 03/18/459/0536-сон).