islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қалбда гина адоват бўлиши хатарлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга намоз, рўза ва садақадан кўра яхшироқ нарса ҳақида сўзлаб берайми» дедилар. Сахобалар розияллоҳу анҳум: «Албатта сўзлаб беринг» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бу одамларни бир – бирига ўзаро хайрихоҳлик муносабатларидир, низо эса динни устара бошдаги сочни кесганидек йўқ қилади».

Бу дунёга ғарқ бўлган жоҳилларни гапирмаганда ҳам, қўлидан тасбеҳ тушмайдиган ўзини диндор деб атайдиганлар ҳам тез – тез тортишадилар ва низога борадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ҳақида ва динимиз ҳақида фикр юритинг.

Биз ўзимизни мансублигимиз билан фахрланамиз, бироқ шунга қарамай ўзаро муросага кела олмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ҳақорат қилиш судхўрликнинг энг ёмон кўринишидир деганлар. Аммо аланга олган тортишувларимизда бизни на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантиришлари на мусулмонларни ҳақорат қилиш безовта қилмайди. Аллоҳ таоло «Ўзаро низо қилмангки, тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» дейди (Анфол сураси, 46-оят).

Бировларни обрўси ва қадр-қимматини камситадиганлар, якка ҳолда қолганларида Аллоҳ таолони олдида, ҳамда одамларнинг кўзини олдида ўзларини обрўсига ўзлари қанчалик зиён етказишини ва қанчалик паст кетишини ўйлаб кўришсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки ўзининг мўмин биродари билан уч кундан ортиқ гинада юрса ва шу ҳолатда вафот этса унда у жаҳаннамга тушиши ҳақида хабар берганлар.

Бир ҳадисда ҳар душанба ва пайшанба инсонларнинг амаллари Аллоҳ таолога тақдим этилади дейилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати билан (савоб амаллар ҳисобидан) мушриклардан ташқари ҳаммани кечиради. Аммо адоватда бўлган икки шахснинг кечирилиши хақида эса улар муросага келмагунча улар хусусидаги ҳукм қолдирилиб турар экан.

Яна бир ҳадисда душанба ва пайшанба кунлари Аллоҳ таолога бандаларнинг амаллари кўрсатилади. Тавба қилганларнинг тавбалари қабул қилинади ва истиғфор сўраганларни дуолари қабул бўлади, аммо низода бўлганларни ҳолати аввалгидай қолади.

Бир ҳадисда бароат кечаси (Шаъбон ойининг 15 куни) да Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан бандаларига юзланиб уларни кечиради, иккитасидан ташқари – бири – динсиз, иккинчиси эса бировга нисбатан нафрати бори киши.

Бир жойда учта банданинг намози бошидан юқорига, ҳатто бир кафтга ҳам кўтарилмаслиги айтилган. Уларни орасида ўзаро низода бўлганлар зикр этилган.

Оддий одамларни гапирмаганда, виждонли, олийжаноб ва ҳаттоки тақводор деб ҳисобланганларни суҳбатлари, уларни кечки учрашувлари ҳам шундай одобдан ташқари ҳолатлар билан тўлиб – тошган.  Буларни ҳаммаси дунёвий манфаатларни орқасидан бўлган адоват ва нафратдир.

Аммо Аллоҳ таоло ҳакийм ва барча нарсани кўрувчи Зот бўлганлигидан барча қалбларнинг ҳолатини билади. У Зот ким алоқани дин учун узганини ва ким ғурур, такаббурлик ёки манманлигидан узганини жуда яхши билади. Бўлмаса ҳар бир одам ўзини нафрат ва ғазабини дин билан боғлаши мумкин.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Узр айтиш ғам-ташвишни кетказади, маҳзунликни аритади, гина ва ҳижронни бартараф қилади”.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий роҳимаҳуллоҳ айтдилар;

Агар отанг вафот этса, насиҳат ҳам вафот этади.

Агар аканг вафот этса, ўнг қўлинг кесилгандай бўлади.

Агар онанг вафот этса, нуринг ўчади.

Агар синглинг ёки опанг вафот этса, табассуминг кетади.

Агар дўстинг вафот этса, кўз нурингдан айрилгандек бўласан.

Ҳаёт жуда қисқа! Уни гина-кудурат, адоват, ҳасад, мунофиқлик қилиш, қариндош ва яқинлар билан алоқани узишга сарфлаб юбориш асло тўғри эмас. Ҳар бир иш эртага хотирага айланади. Шундай экан, табассум билан юринг, ёмонлик қилганларни кечиринг. Ахир, қачон бу дунёни тарк қилишимизни билмаймиз-ку.

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом хатиби,

модуль таълим тизими талабаси Суфиев Жаъфархон

390440cookie-checkҚалбда гина адоват бўлиши хатарлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: