Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Модуль таълим тизими 1-курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
“Тошкент ислом институти олдида турган долзарб масалалар, ечимлар ва истиқболли режалар” мавзусидаги учрашувда Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон домла Бухарбоев, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод домла Примов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов ҳамда талабалар иштирок этдилар.
Мулоқотда ўқув жараёнлари, тўлов-контракт масалалар ва тартиб-қоидалар бўйича маълумот берилди, талабаларнинг фикр-мулоҳазалар тингланди. Ректор ва проректорлар ўз йўналишлари бўйича талабаларнинг мажбурият ва масъулиятларини эслатдилар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча бердилар.
Модуль таълим тизимига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари, яъни мадрасаларни тамомлаган, 5 йил ва ундан ортиқ муддат давомида масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Модуль таълим тизимига абитуриентлар номзодларини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади.
Модуль таълим тизими талабалари масжиддаги иш фаолиятларидан ажралмаган ҳолда 3 йил мобайнида, ҳар ўқув йилида 1 ойдан 2 семестр Тошкент ислом институтининг Олмазор туманида жойлашган асосий биносида таълим оладилар.
Жорий 2022-2023 ўқув йили учун Модуль таълимига 120 нафар талаба қабул қилинди. “Имом-хатиб талабалар” талабалар турар жойи билан таъминланган, ётоқхонада уч маҳал овқат берилади.
ТИИ Матбуот хизмати