islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аёлларга қилинган зўравонлик – келажакка қилинган хиёнат

Муқаддас ислом динимизда аёл она, опа, сингил, қиз сифатида улуғланади. Ислом- менинг диним, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом-менинг пайғамбарим, деган киши борки, аёлни эъзозлаши шарт.

Оилаларимиз чироғи ва чароғбони бўлган аёллар зотига эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир.

Афсуски, сўнгги пайтларда аёлларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари кузатилаяпти. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, турмуш ўртоғини дўппослаётган эркаклар сафи кенгайиб бормоқда. Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйгани, рўзғор ташвиши, бола тарбияси мисолида масъулиятсиз эканини айтиб ўтишади.

Шу ўринда бир мулоҳаза, ҳурматли эркаклар, уруш даврини бир кўз олдингизга келтиринг. Ўша пайтлар момоларимиз, боболаримиз қанча машаққату-қийинчиликларга бардош беришган. Наҳотки, бугунги тинчлик, тўкинчилик даврида тўқликка шўхлик қилиб, аёлларни хақоратласак. Ахир, хотин-қизлар наслимиз давомчилари-ку!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Ким-у ҳоҳ эркак бўлсин, ҳоҳ аёл-мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай”(Нисо сураси, 124-оят)да марҳамат қилинади.

Ҳадиси шарифда эса: “Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир”(Имом Термизий ривояти).“Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” (Имом муслим ривояти), дейилади.

Динимиз таълимотларида аёлни калтаклаш, юзига уриш, уларга жароҳат етказишга эрнинг асло ҳаққи йўқ. Бу билан киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни уришдан қайтариб бундай деганлар:

яъни: “Аллоҳнинг чўриларини (яъни, аёлларни) урманглар!” (Имом Абу довуд ривоятлари).

Холбуки, пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. Демак, умматликни даъво қилган ҳар бир оила раҳбари ўз аёли билан муомала ва муносабатда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ўзига намуна ва ўрнак қилиши лозим бўлади.

Аёл зотини тахқирлаш эмас, унга эҳтиром кўрсатиш олий мақсадимиз бўлиши керак. Зеро, мунис оналаримиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, вафодор жуфтимиз ҳаётимизнинг кўрки, умримизнинг мазмунидир.

Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига гўзал муносабат ва самимий муомалада бўлганлар. Демак, ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.

Янгийўл туман “Имом   Султон” жоме масжиди имом хатиби,

модуль таълим тизими талабаси Одилжон Нарзуллаев

394900cookie-checkАёлларга қилинган зўравонлик – келажакка қилинган хиёнат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: