islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ихвонул-муслимийн” ёҳуд адашган оқимлардан бири

Ер юзида мавжуд ҳар қандай жамиятнинг тарафдорлари бўлгани каби қарши кучлари ҳам бўлиши ҳаётнинг қонуни. Қачон одам боласи нафсига қул бўлар экан, нафси унга ҳар бир қилаётган ишини тўғри қилиб кўрсатадики, ҳатто ундайлар Илоҳий таълимотга қарши чиқишга ҳам журъат этадилар. Худди шундай XV асрдан буён одамларни ҳидоятга чорлаб келаётган Ислом дини таълимотига қарши бориш ҳар бир даврда бўлиб келган. Энг ачинарлиси, айнан ислом уммати бўла туриб илоҳий ҳидоятни нафсининг истак-хоҳишича талқин қилишлари оқибатида катта кўнгилсизликларни келтириб чиқарганларга гувоҳ бўламиз.

Шундай адашган оқимлардан бири, динда янгилик яратаётган “Ихвонул-муслимийн” ҳақида бизга маълум бўлган хабарларни қисқача келтириб ўтсак.

Ушбу ташкилотга 1928 йилда Миср Араб Республикасининг Исмоилия шаҳрида Ҳасан ал-Банно (1906-1949) ва унинг бир неча дўстлари томонидан асос солинган.

Дастлаб, ташкилот яҳудий, насроний ва айниқса, шиа мазҳаби билан яқиндан алоқада бўлган. Араб тадқиқотчилари томонидан, Ҳасан ал-Баннони Мисрда шиа ва суннийлар ўртасини яқинлаштирувчи муассаса ташкил қилгани ва унинг эшиклари шиа мазҳаби аъзолари учун доимо очиқ бўлганлиги баён қилинади. Хусусан, ташкилотга шиаларнинг раҳбарларидан Н.Сафий каби шахслар келиб тургани ва улар билан ал-Банно илиқ мулоқотга киришиб турли соҳада, хусусан, ҳаж масаласи бўйича алоқа ўрнатганлиги таъкидланади. Унинг, “бизлар билан шиалар ўртасида ихтилоф мавжуд эмас, мутъа никоҳига ўхшаш ҳал қилиниши мураккаб бўлган ишлар ҳам йўқ”, шунингдек “яҳудийлар билан ҳам ўртамизда диний хусумат йўқ, балки, иқтисодий хусумат мавжуд”, – деган фикрлари ҳам юқоридаги сўзларни қувватлайди.

Ал-Банно 1939 йилга келганда ташкилотга сиёсий тус бериб, ислом дини ва шариатни – “ҳаётнинг тарбиявий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жабҳаларида инсон тасарруфотларини тартибга солиб турувчи низом” тарзида эълон қилди.  Ташкилотнинг асосий ғояси этиб, ислом дини тарқалган мамлакатларда Қуръон ва шариатда ифодаланган қоидаларга тўлиқ риоя этувчи ислом давлатини барпо этишлик белгиланиб, бу ғояни амалга оширишлик учун бир неча босқичга бўлинган тактик режа ишлаб чиқилди. Унга кўра:

бошланғич. Умумий  маърифий ва хайрия фаолияти, яъни оммага ислом ғоясини сингдириш;

ташкилий. Гуруҳларга жалб қилинган аъзоларни жанговар кураш усулларига ўргатиш, яъни мужоҳидлар тайёрлаш;

куч ишлатиш. Исломий тартиб ўрнатиш учун ҳал қилувчи жангга кириш.

Мазкур босқичлар кетма-кет, навбат билан амалга оширилиши шарт эмас, балки ҳар учала босқич бир вақтнинг ўзида олиб борилиши мумкин, дейилади.

Ал-Банно ташкилотнинг ғоя ва қарашларини ҳафталик “Ихвонул-муслимийн” ва “ан-Назир” журналларида баён этиб, кейинчалик издошлари томонидан унинг турли рисола ва маърузаларини жамланган ҳамда “Мажмуатур-расоил” номли тўплам ҳолига келтирилган.

Айрим тадқиқотчилар, шу жумладан профессор А.Ҳасанов “Ихвонул-муслимийн” ташкилотининг асосчиси ал-Баннонинг “сиёсат ва дин бир-биридан ажралмаслиги, чунки ислом бу – имон ва жамият, масжид ва давлат, бу дунё ва у дунёдаги ҳаёт эканлиги, пировард мақсад эса,  умумжаҳон ислом давлати  – мусулмон миллатлари федерациясини тузишлик лозимлиги каби қарашлари ҳамда “ислом давлати” ғоясини ишлаб чиққан”лигини эътиборга олиб ислом экстремизми отаси”, –  деб баҳолаган.

У томондан эълон қилинган ташкилотнинг “Аллоҳ – бизнинг идеал, Пайғамбар – бизнинг раҳномомиз, Қуръон – бизнинг конституция, жиҳод – мақсадга эришиш усули, Аллоҳ ва дин йўлида қурбон бўлиш – бизнинг орзуимиз”, – деган шиори унинг асл тор ва ғаразли ният-мақсадини билдиради. Қолаверса, бир-бири билан кесишган икки қилич тепасидаги Қуръон тасвири ташкилотнинг тимсоли ўлароқ, у томонидан “Услубимиз – ўгит ва маслаҳат, агар, у ёрдам бермаса, куч билан йўқотиш ва бартараф қилишдир”, – дея урғу билан айтилган сўзи ташкилотнинг яширин тактикасини ошкор қилади.

Ал-Банно “Ислом – дин ва давлат” шиорига амал қилиб, барча мусулмон ва номусулмон ҳукуматларга қарши жиҳод – ялпи уруш эълон қилиш ушбу мақсадга эришиш йўли эканлиги ҳам кўрсатиб берилган. Унинг “Фаннул-мавт” (“Ўлим санъати”) номли китобида мавжуд ҳукуматларни йўқ қилишга эришиш йўллари асослаб берилиб, илк марта “ўзини-ўзи қурбон қилиш” шаклидаги жангарилик амалиётни тайёрлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятни оқлаб чиққан.

Иккинчи жаҳон уруши даврида жамиятнинг қуйи ва ўрта табақалар вакиллари ҳисобига тез кенгайиб борган ташкилот турли давлатларда кўплаб бўлинма ва махфий тайёргарликдан ўтган жангарилардан иборат ўз “махфий аппарат”ини вужудга келтирди. Маълумотларга кўра, 1946 йилга келиб, “Ихвонул-муслимийн” 5000 та маҳаллий бўлим ва умумий ҳисобда 500 000 аъзога эга йирик ташкилотга айланган.

 “Ихвонул-муслимийн” экстремистик ташкилоти ўз тарихи давомида бир қанча босқичларни босиб ўтган. Дастлаб у (1928-1936 йиллар), хайрия ва маърифатчилик усулида фаолият олиб борган бўлсада, кейинчалик кураш услуби сифатида террорни қўллаш даражасига етган сиёсий – экстремистик ташкилот бўлиб майдонга чиқди. Унинг бўлиниб кетган турли гуруҳлари Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида ўзларининг мустақил ташкилотларини туздилар. Ташкилот таркибида аста-секинлик билан ҳарбийлашган гуруҳлар пайдо бўлиб, барча араб давлатларида фаол ҳаракатлар қила бошлади. 1948 йилда “Ихвонул-муслимийн” ташкилоти Миср ҳукумати раҳбари М.Нукшарийга суюқасд уюштиради. Зудлик билан ташкилот раҳбари ал-Банно ҳибсга олиниб, 1949 йил февраль ойида одил суд ҳукмига кўра олий жазога ҳукм қилинади. Унинг вафотидан сўнг ташкилотда парокандалик бошланади ва бир неча мустақил гуруҳларга бўлиниб кетади. Бироқ, бугунги амалиётда уларнинг барчаси “Ихвонул-муслимийн” ҳаракати остида умумий ном билан юритилади. Ҳозирда ҳаракатнинг асосан ал-Баннонинг давомчилари бўлган “мўътадиллар”, “ислом социализми”нинг турли вариантлари тарафдорлари, террорни кенг қўлловчи “ислом демократлари” ва “экстремистлар” каби уч ғоявий йўналишда фарқланади.

Ал-Банно вафотидан кейин ташкилотга ғоявий раҳбарлик қилган Саййид Қутб (1906-1966) унинг фаолиятини янада радикаллашувига замин яратди. У ўз асарларида барча мусулмон жамоаларни Аллоҳ ҳокимиятини бандаларга топшириб, ислом шариатига амал қилувчи ҳокимга ўрин қўймаганликлари сабабли, кофир деб эълон қилди. Унинг фикрича, “барча олам аҳли жоҳилият даврида яшамоқда. Ислом ҳокимияти ўрнатилмаган ва шариат асосида иш олиб борилмайдиган ҳеч бир юртда ислом мавжуд бўлиши мумкин эмас”.

Унинг “Фий зилал ал-Қуръон” ва “Маъалим фий ат-тарийқ” номли китобларида баён қилинган баъзи фикрларига эътибор қаратайлик:

– ўзини мусулмон деб ҳисобловчиларнинг кўпчилиги аслида мусулмон эмас ва дунёдаги барча давлатлар исломга қарши;

– ҳозирги мусулмон жамиятлари жоҳилия давридаги ҳолатдадир. Шу боис уларни тарбиялашдан наф йўқ;

– кенг халқ қўзғолони эмас, балки катта бўлмаган “ҳақиқий мусулмонлар” жамоаси бошлаб берадиган фуқаролар уруши ҳал қилади.

Саййид Қутбнинг мазкур асарлари ва фикрларини ўрганиб чиққан мутахассислар уни “ҳозирги замон ислом экстремизмининг асосчиси”, – деб эътироф этишган. Саййид Қутб Миср Араб Республикасида давлат тўнтаришини амалга оширишда айбланиб, 1966 йилда қатл этилган.

“Ихвонул-муслимийн” халқаро экстремистик ташкилотининг танлаган йўли ва фаолиятини кўпгина дин ва жамоат арбоблари, хусусан, Шайх Абдулазиз ибн Боз, Шайх Мухаммад ибн Усаймин, Шайх Муҳаммад Носириддин Албоний кабилар инкор қилишган.

Хулоса ҳар биримизнинг ўзимизда, илоҳий китобга ва саҳиҳ ҳадисларга амал қилиб илм ўрганиб ва ўргатиб келган ота-боболаримиз адашгану, илмсиз ҳолга тушган биз тўғри бўлиб чиқамизми? Умр бўйи динга хизмат қилган устозларимиз ўз нафсидан келиб чиқиб шахсий манфаатини динга аралаштирмаган. Улар шахсий ташаббус кўрсатиб, янгилик ҳам яратмаганлар. Умрини сарф қилиб бизга ҳақ илмини етказишга жидду жаҳд қилганлар, холос.

Тошкент ислом институти 4-босқич

талабаси Азимжон Каримов

394780cookie-check“Ихвонул-муслимийн” ёҳуд адашган оқимлардан бири

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: