“Дорул ислом” ва “Дорул куфр” атамалари исломнинг аввалида эмас балки, кейинчалик пайдо бўлган фиқҳий истилоҳлардан ҳисобланиб, тахминан ҳижрий биринчи асрда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ даврларида пайдо бўлган.
“Дорул ислом” луғатда “ислом диёри” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, “ислом арконлари амалда бўлган ҳудудга нисбатан қулланилади”.
“Дорул ҳарб” ёки “дорул куфр” тушунчалари ўтмишда “уруш диёри”, “куфр диёри” мазмунини билдириб, ислом арконларини бажаришга умуман йўл қўйилмайдиган ҳудудга нисбатан қулланилган.
Абдулқодир Авда айтади: “Дорул ислом – ислом арконлари амалда бўлган ёки унда яшовчи мусулмонлар ислом арконларини бажаришларига монелик бўлмаган ҳудуддир”.
Имом Алоуддин Косоний “Бадоеъус саноеъ”да: “Куфр диёрида, намоз ўқиш рўза тутиш каби ислом аҳкомларига амал қилиниши билан у ислом диёрига айланади”, деб таъкидланган.
Муҳаммад Абу Заҳра бундай дейди: “Баъзи кишилар каби шариат аҳкомлари жорий қилинмаганини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳудуд “дорул ислом”, бошқаси “дорул куфр” деб айта олмаймиз. Ҳозир Мағрибдан то Машриққача жойлашган давлатларда шариат аҳкомлари татбиқ қилинмаса ҳам, барчаси “дорул ислом” ҳукмидадир[1], Чунки у жойларда яшаётган мусулмонлар омонликда ҳаёт кечиришяпти ва уларнинг динига ҳеч қандай хавф йўқдир”.
Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани “Ўтовли Эшон”
мaсжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев
Фойдаланилган адабиётлар
[1] Диний бағрикенглик ва мутаассиблик (юз саволга-юз жавоб). Масъул муҳаррир О.Юсупов. – Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2013. –Б.156.