Имом Абу Мансур Мотуридий[1] ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳлар Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан шуғулланганлар. Бу икки имом “Аҳли Сунна”нинг ақоид бобидаги имомлари эканини кўп уламолар таъкидлашган.
Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аҳли сунна сўзидаги Суннатдан мақсад – Аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир”[2].
Муртазо Забидий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса, Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушунилади”[3].
Аллома Тошкубризода раҳматуллоҳи алайҳ “Мифтоҳус саода” китоби: “Маълум бўлсинки, Аҳли сунна вал жамоанинг Калом илми, яъни ақоиддаги раислари икки кишидир: бирлари ҳанафий, бошқалари шофеъий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб, у зот “Имомул Ҳуда” – “Ҳидоят имоми” деган ном қозонган. Шофеъийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир”.
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳматуллоҳи алайҳ: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий – машриқу ва мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.
Термиз шаҳар “Ҳаким Термизий” жоме масжиди
имом ноиби Ҳабибуллоҳ Саидов
Фойдаланилган адабиётлар
[1] Доктор Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳарбий. Ал-Мотуридия. – Ар-Риёд: Дар ас-Самий. 2000. – Б. 31.
[2] “Аз-завожир ан иқтирофил кабоир”. – Байрут: Муассасат ар-Рисала ан-наширун, 2004. – Ж. 1. – Б. 22.
[3] “Итҳофу саодатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин”. – Қоҳира: Ҳиндовий, 2013. – Ж. 1. – Б. 213.