islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳнинг иродаси

Аллоҳнинг иродаси. Бу гапнинг маъносига эътиқод қилиш ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечириш мусулмончиликнинг заруриятларидан ҳисобланади. Шунга кўра, дунё ва охиратдаги биз учун фойдали ёки зарарли барча-барча нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган деб эътиқод қиламиз. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода уламоларнинг ушбу эътиқодимизга тааллуқли саволларга берган жавобларининг хулосалари билан танишиб чиқамиз:

Савол: Банданинг гуноҳ содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни ўша гуноҳни қилгани учун жазолаши зулм эмасми?.

Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини ирода қилиб, сўнг уни ўша қилган гуноҳи учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади.  Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб, кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади.  Шунга кўра, бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади.

Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг гуноҳ содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш, аслида, итоат қилиш бўлиб қолади-ку”.

Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни ман қилмаганида банданинг гуноҳ ишни содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани гуноҳ ишлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг гуноҳ ишни қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади.

 Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?.

Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди.

Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли Сунна вал-Жамоа имомларидан бири бўлган Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан.

У Исфароинийни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди.

Исфароиний буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди.

Мўътазилий етакчиси: “Нима Аллоҳ таоло Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди.

Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Бўлмаса Аллоҳ таолога мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди.

Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Аллоҳ таоло мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди.

Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, деди.

Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди.

  Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”.

Жавоб:  “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки  амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”.

Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?”.

Жавоб: “Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”.

Хулоса шуки, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада доимо хурсандчилик пайтида ҳам, мусибат етганда ҳам барча ҳолатларда Аллоҳ таолога қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади.

Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Аллоҳ таолонинг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у Аллоҳ таолонинг ўзига нимани ирода қилганидан хабардор бўлиб, кейин мазкур “қилғиликларини” амалга оширишга “мажбур” бўлиб қолмаганини жуда яхши билиб туради.

 Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради.

Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлади ва: “Аллоҳим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатлардан сақлаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади.

Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Аллоҳ таолонинг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан ҳамд айтиб туради:

  • Аллоҳим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан;
  • Аллоҳим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан;

– Аллоҳим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан;

–  Аллоҳим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан. Агар бу амалларим учун мукофот берсанг, фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир…

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчилари

Абдуқодир Пардаев ва Абдуллоҳ Ғофуров

400790cookie-checkАллоҳнинг иродаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: