islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мовароуннаҳрда мавжуд араб ёзувидаги хат турлари  

Мовароуннаҳрда ислом дини билан бирга араб тили ва араб ёзуви ҳам кириб келди ва бу ўлкада шу пайтгача мавжуд бўлган барча хат турларининг ўрнини араб ёзуви эгаллади. Араб хати ривожланишнинг катта йўлини босиб ўтиши билан бирга Исломга киритилган давлатлар ҳам шунчалик катта майдонга эга бўлди. Бу юртларда аввал маълум хат турларига катта эътибор қаратилган шу билан бирга маълум бир юрт учун қулай бўлган маҳаллий хат турлари вужудга кела бошлаган. Улар тезлик билан ўзининг мустақил ва ўзига хос кўринишини топади. Бундай хат туридан настаълиқ (ёки хатт-ут-таъли:қ) бўлиб, у форс мамлакатлари ва Афғонистонда кенг тарқайди. Шу сабабли уни форсий хати деб ҳам атайдилар. Бу хат чўзиқларнинг кўплиги ва ўзига хос оғма шакли билан ажралиб туради. Мазкур ёзув ҳарфлари юқоридан чапга қияроқ ҳолда ёзилади.

  1. Настаълиқ хати. Бу хат XIV асрда ижод этилган. Бу ёзувдан расмий ва шахсий ёзишмалар, ҳужжатларда фойдаланилган. Асосчиси Хожа Мир Али Табризий (1330-1405) “Қиблат ул-куттоб” (“Котибларнинг пешвоси”) унвони билан шарафланган хаттот, настаълиқ хатининг ихтирочиси ҳисобланади. Настаълиқ (асли “насхи таълиқ” бўлиб, енгиллик учун “настаълиқ” деб аталган) хатининг ихтирочиси, “қиблат ул-куттоб” (“Котиблар пешвоси”) лақаби билан машҳур. У настаълиқ  хатига хос бир йўл билан олти турли хат асосида алоҳида хат ихтиро қилган хаттот. У Амир Темур даврида (1369–1405) яшаган. Кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Унинг шогирдларидан бири – Мавлоно Жаъфар, Шоҳруҳ Мирзо замонида хушхатликда ном чиқарган, иккинчиси Мир Абдулҳай эса Абу Саъид замонида яшаб, китобат санъатида, иншо ва таҳрирда тенги йўқ котиб бўлган[1].

Мир Али Табризий настаълиқ хатининг қонун-қоидалари баён этилган рисола яратган, У кўчирган қўлёзмалар, жумладан, Кирмонийнинг “Хумой ва Ҳумоюн”, “Камолнома”, “Равзат ал-анвар” достонлари (1396 йилда кўчирилган, ҳозирда Британия музейида сақланади), Саъдийнинг “Куллиёт”и, “Бўстон” асари (1377), Низомий ва Деҳлавийнинг “Хамса” достонлари (Эрон миллий кутубхонасида) ва қитъалар (1 донаси Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида) бизгача етиб келган[2].

Бу хат турини “настаълиқ” деб номланиши ҳақида бир қанча қарашлар мавжуд:

А) Султонали Машҳадийнинг таъкидлашича, Мир Али Табризий бу хатни  насх ва таълиқ ёзувлари асосида яратган.

Б) Мир Али Табризий замонигача ва ундан кейин ҳам китобларнинг асосий матни саҳифа ўртасига насх хатида ёзилар, матнга тааллуқли изоҳлар ёки шарҳлар таълиқ хатида матн ёнларига ёзилар эди. Яъни насх ва таълиқ хатлари ёнма-ён қўйилар ва иккисини бир-бирига изофа қилиб насхтаълиқ деб ҳам атала бошлади. Бу хат ихтиро қилингач, “настаълиқ” деб аталди. Гўё бу хат таълиқ хатини насх қилди (амалдан қолдирди) деган маъно касб этди[3].

В) Настаълиқ хати деб номланиши ҳам фақат Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларига хос. Чунки бу ёзув турини бошқа жойларда “форсий хат” деб айтилади.

Эронликлар бугунги кунда ўзларига настаълиқ хатини миллий хат қилиб олганлар. Бухоро хаттотлари Домло Бобобек ёки Исматиллобек уларнинг ёзган хатлари бугунги кунда эронликларни ҳам ҳайратга солади. Шундай чиройли ёзса ҳам бўладими, деб эътироф этишади. Чунки Бухоро хаттотлари жуда ҳам нозик ёзишга катта эътибор беришган. Эронда бу анъана Мир Имод замонида катта мавқега эга бўлган, у кишининг шогирдлари ҳам бўлган. Лекин Бухоро хаттотлари Мир Али Ҳиравийнинг тартибларини ўзларига стандарт йўналиш қилиб олганлар ва шу асосда ёзганлар ва у кишини ўзларининг пирлари деб ҳисоблашган[4].

  1. “Насхи бухорий” хати. Асосчиси Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.) XVI–XVII асрларда Бухорода яшаб ижод қилган, насх хати асосида янги хат равиши “Насхи Бухорий” (“Мир Убайд”) хатининг ихтирочиси[5].

III. “Мавлавий Соқий” услуби. Асосчиси Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий Санчоий Рикий настаълиқ хатида атоқли хаттотлардан бўлиб, хати сўнг даража малоҳатли, гўзал бўлгани учун “хаттотлар отаси” деб аталган[6]. Бухорода яшаб ижод этган буюк хаттот. Аслида, ушбу ихтиро қилинган алоҳида хат услуби Бухоро хаттотлари ўртасида алоҳида ўрин тутгани ва бу хат турини ўзларига стандарт қилиб олганлари учун ҳам алоҳида хат тури сифатида тан олинган.

  1. IV. “Нохун хати” асосчиси Низомиддин Бухорий. Бу хат тирноқ билан қоғозни бўрттириб ёзиладиган хат тури бўлиб, унинг ихтирочиси Низомиддин Бухорий бу ёзувнинг устаси эди[7].
  2. Хатти Бобурий” асосчиси шоир саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобур 1504 йил 20 ёшида Қобулда бу хатга асос солган. Бу хатнинг бошқа бир номи “Сиғноқий” бўлиб, бу тўғрисида Бобур шундай деган:

                     Турклар хати насибинг бўлмаса Бобур нетонг,

                     Бобурий хати эмасдур хатти сиғноқийдур.

Бу хат араб алифбоси асосида тузилган бўлиб 29 ҳарфдан иборатдир. Аммо баъзи жиҳатлари билан араб алифбосидан ажралиб туради. Араб алифбоси ҳамда хатти Бобурий ўртасидаги фарқ қуйидагилардир:

  1. Бутунлай ўзгарган ҳарфлар (“коф”, “ нун”, “вов”, “фо”, “син”, “шин”…)
  2. Жиҳати ўзгарган ҳарфлар (бо”, “жим”, “хо”, “то”, “зо”… )
  3. Жузъий ўзгарган ҳарфлар “мим”, “ҳа”, “дол”, “айн”… )
  4. Ўзгармаган ҳарфлар (“алиф”, “йо”, сўз ўртасидаги “бо”…) ва бошқалар.

     Бобур бу хатни тузиш орқали араб алифбосини соддалаштириш йўлидан боради. Шу мақсадда уни туркий тилнинг талаффуз меъёрларига мослаштиришга ҳаракат қилади.

      Бобур Ҳиндистондалигида бу хат билан мактублар ёзган. Хатти Бобурий билан Бобур мусҳаф ёзган бу мусҳаф “Мусҳафи Бобурий” деб аталади. Унинг қўлёзма асари ҳозирги кунда Эроннинг Машҳад шаҳридаги Ҳазрати Имом Ризо зиёратгоҳига тегишли “Остони қудси Ризовий” кутубхонасида сақланади. Бу қўлёзма эронлик олим Гўлчини Маъони томонидан ўрганилиб, хатти Бобурийда ёзилганлигини эълон қилган.

2004 йили “Бобур халқаро фонди” Эрон давлатида бўлиб, “Мусҳафи Бобурий”ни фото нусхасини олиб келишди. Ҳозирда бу фотонусха Андижондаги “Бобур ва Жаҳон маданияти” музейида сақланмоқда.[8]

 VI .“Имлои нав” – сўнгги даврларда пайдо бўлган хат тури бўлиб, XX аср бошларида “имлои нав” деган янги имло пайдо бўлди. Буни айримлар янги хат деса-да, аслида хат тури эмас, тўғрироғи босма хат тури бўлиб, ўзбек тили ҳарфларига мослаштирилган. Бунда “зод” (ض), “изғи” (ظ), “зол” (ذ) ҳарфлари ўрнига битта “за” (ز) ҳарфи қабул қилинган. Ҳозир бу хат туридан Қашқарда, Курдистонда фойдаланилади[9].

ТИИ тиллар кафедраси ўқитувчиси

Абдуллаев Алишер

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Мир Убайд Бухорийнинг мўъжизавий хати билан кўчирилган Қуръони карим // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент: 2006. 4-сон.
  2. Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). – Тошкент: Мовароуннаҳр. 2008, –Б. 4.
  3. Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. – Тошкент: Фан. 1971, –Б.22.Муҳаммадхон Бадриддинов. Хат хазиналар калити. – Наманган: –Б.2.
  4. Салимжон Собиржон ўғли, хаттот. Қаламдан тўкилган гўзаллик. мақола http://info.islom.uz/new/index. php/sanaat/item/157-qalamdan-tokilgan-gozallik.
  5. Ўктам Султонов. Хатти Бобурий. Мақола. Мозийдан садо журнали. 2003. Ўзбекистон. –Б.3,4,19,20.
  6. Бухорбоев Ёқуб Мамасолиевич. Бухоро хаттотлик мактабининг китобат санъати ривожига қўшган ҳиссаси. Битирув малакавий иши. Тошкент – 2013.
400620cookie-checkМовароуннаҳрда мавжуд араб ёзувидаги хат турлари  

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: