islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Эртага ҳайит! Ҳайитнинг маъноси нима? Ҳайит қандай бўлади?

Ҳайит буюк неъмат берувчи зотга шукр қилинадиган, чексиз фазлини эътироф қилиб, неъматларни изҳор қилинадиган кундир.

Ҳайит куни қуйидаги ишлар бажарилади:

–        ғусл қилиш;

–        мисвoк ишлатиш;

–        хушбўйлик суриш;

–        чиройли янги кийим кийиш (янгиси бўлмаса, ювилганини кийиш);

–        масжидга чиқишдан тановул қилмаслик;

–        масжидга бир йўлдан бориб, уйга бошқа йўлдан қайтиш;

–        масжидга кетишда жаҳрий (овоз чиқариб) такбир айтиш;

–        ҳайит намозидан олдин масжидда нафл намоз ўқимаслик;

–        номоздан кейин ота-она, қариндош-уруғлар ва яқинларни зиёрат қилиш;

–        етимлар, мискинлар, фақирлар ҳамда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва меҳр кўрсатиш;

–        қурбонлик қилиш;

Ҳайит намози қуйидагича ўқилади

Имом домла ифтитоҳ (намозни очувчи) такбир – “Аллоҳу акбар”ни айтса, муқтадий (имомга эргашувчи намозхон): “Қиблага юзланган ҳолимда, ҳайит намозини холис Аллоҳ учун, ўқишни ният қилдим”, деб “Аллоҳу акбар” такбирни айтиб намозга қўшилади ва санони ўқийди. Сўнгра имом домла уч бор такбир айтади. Муқтадий ҳам қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Такбирлар орасида қўлни боғламасдан, ёнга туширилади. Кейин имом домла Фотиҳа сурасини ҳамда бир қўшимча сурани жаҳрий ўқийди ва руку учун такбир айтади. Муқтадий қироат вақтида жим туриб эшитади, қироатни ичида ҳам такрор қилмайди. Имом домла иккинчи ракатга туриб, Фoтиҳа ва бир сурани ўқийди ва уч марта такбир айтиб тўртинчисида рукуга боради. Муқтадий уч такбирда қўлини қулоғи баробарига кўтариб такбир айтади. Tакбир ораларида қўллар ёнга туширилади. Шу билан қаъдага ўтирилиб ташаҳҳуд ҳамда салавот ва дуолар ўқилиб, намозни тугатилади.

Инсонлар ҳайит намозини ўқиб уйга қайтарканлар, улар икки қисмга бўлинадилар. Аллоҳ таолога итоат қилиб, ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказганлар, ажру савобга эга бўлиб, шоду ҳуррам бўлиб қайтадилар. Аллоҳ таоло уларга “Сизларни гуноҳларингиз кечирилди, розилигимни сўрадиларингиз Mен рози бўлдим”, дейди, гўё. Нафс хоҳиши йўлидагилар ўзига хос қўрқув, афсус-надомат ва пушаймонлик ила қайтадилар.

Аллоҳ таоло бизларга ҳайит намозидан шоду ҳуррам қайтишни насиб қилсин. Эй Аллоҳ, Сен барча нарсаларни билувчи, эшитувчи ва кўрувчи Зотсан, бизларни ожизона ибодатлармизни қабул эт. Бизларни аввал тавба қилувчилардан қилиб, сўнгра тавбаларимизни қабул қилг!

 

 

«Қурьони карим ва тажвид» курси ўқитувчиси

Баҳриддин Жўрабек ўғли тайёрлади

 

 

402290cookie-checkЭртага ҳайит

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: