Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида диний ходимлар, хусусан диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мударрислари ҳамда имом-хатиблар ва ноиби имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш борасида сўнгги йилларда бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда, илмий-тадқиқот олиб боришлари учун имкониятлар яратилмоқда.
Мана шу ислоҳотлар ва имкониятлар самараси ўлароқ 2023 йил 23 август куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий номидаги Тошкен ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Абдуқодир домла Пардаев 24.00.03-Фиқҳ, калом илми, илоҳиёт ихтисослиги бўйича “Алоуддин Бухорийнинг “Рисала фи-л-эътиқод” асаридаги калом илми масалалари таҳлили” мавзуида илмий даража берувчи кенгаш аъзоларининг юз фоиз ижобий овози билан диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилди ва тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси эга бўлди.
Диссертациянинг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги асосланиб, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, ўрганиш объекти ва предмети ҳақида маълумот берилган. Тадқиқотнинг фан ва технологиялар тараққиётининг устувор йўналишларига мослиги кўрсатилиб, ишнинг илмий янгилиги ва амалий натижалари баён қилинган. Олинган натижаларнинг ишончлилиги асосланган ҳолда уларнинг назарий ва амалий аҳамияти очиб берилган.
Ҳимояда, дасатлаб Абдуқодир домла Пардаев илмий ишнинг мазмун-моҳиятини таништирган ҳолда кенгаш аъзоларига ва иштирокчиларга тақдимот қилиб берди. Сўнгра,кенгаш аъзолари ва иштирокчилар илмий иш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, саволларига батафсил ва илмий жавоблар олдилар.
Пардаев Абдуқодир домламизга тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаcи муборак бўлсин ва кўп яхшиликларга восита айласин!
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
Илмий ишлар ва фан бўйича проректори С.Примов