Маълумки, Аллоҳ таоло қиёматда амалларимиз ичида энг биринчи намозларимиздан ҳисоб-китоб қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилинадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. Агар фарз намозларидан бирон камкўсти бўлса, Парвардигор азза ва жалла: “Қаранглар, бандамнинг нафллари борми?” дейди. Шунда фарз намозларига етишмагани улар билан тўлдирилади. Кейин қолган амаллари шунга қараб бўлади”, деганларини эшитганман” (Имом Аҳмад ва Доримий ривояти).
Намоз динимизнинг бешта устунидан биридир. Уни вақтида адо қилмоқ ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا
“Албатта, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят).
Ҳар мўмин-мусулмонга беш вақт намоз энг қадрли амал, энг азиз ишдир. Бу ҳақда Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Эй Одам фарзанди, агар сенга намозинг қадрсиз бўлса, у ҳолда динингдаги қайси нарса сен учун азиз?! Ҳолбуки, сен қиёмат кунида биринчи бўлиб намозингдан сўраласан-ку!»
Аллоҳ таоло барчамизнинг энг қадрли амал бўлган намозларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
ТИИнинг Модуль таълим тизими талабаси Р.Акбаров