َقُولُوا۟ لِلنَّاسِ حُسْنًا
“…Инсонларга яхши гап айтинг…” – Бақара, 84
Яхши сўз садақа экани бежизга эмас. Чунки яхши сўзлар улкан имкониятлар эшигини очади, руҳиятга шифо бўлади, қалбларга малҳам бўлади.
Бир замонлар Исхоқ ибн Раҳовайх илм мажлисида талабаларига: “Сизлардан ким яхшилаб ғайрат қилса, саҳиҳ ҳадисларни албатта жамлайди,” деган эди. Айнан шу сўзлар Бухорийга қаттиқ таъсир қилиб, ислом оламида ишончлилиги жиҳатидан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турувчи мўътабар манба “Сахийхул Бухорий”ни ёзди.
Яна узоқ ўтмишда Барзолий шогирди Заҳабийга: “Ёзувинг муҳаддислар ёзувига ўхшайди”, деганди. Шу сўзлар сабабидан Аллоҳ Заҳабийнинг қалбига ҳадис илми муҳаббатини солди.
Бир куни ёзувчи Мусъаб аз-Зубайрий “Фиқҳдан билиминг қандай, эй Шофеий?” деб сўради. Ўша пайтлар Шофеий шеъриятга муккасидан кетган эди. Ана шу сўзлар туфайли у киши ҳозир барча мусулмонлар танийдиган Имом Шофеийга айланди. Аҳмад ибн Ханбал имом Шофеий ҳақларида шундай деган: “Шофеий бу дунёга қуёш, инсонларга офиятдир.”
Гўзал сўзларнинг қандай улкан таъсири ва мислсиз фойдалари борлигини кўрдингизми? Энди навбат – СИЗГА.
Адҳам Шарқовийнинг “Қуръондан мактублар” китобидан таржима ва шарҳ.