Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтида 2024-2025 ўқув йили учун қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш ва қабул имтиҳонларини шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказиш мақсадида Қабул комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Қабул комиссияси масъул котиби Маъмуржон Эркаев, Кундузги таълим тизими декани Нодирбек Тўрабоев ҳамда ҳайъат аъзолари иштирок этган мажлисни Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Тоҳир Эвадуллаев олиб борди.
Аввал хабар берганимиздек, кундузги таълим тизими абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари 20 июндан 20 июлгача ва Модуль таълим тизими учун 15 июлдан 30 июлгача оффлайн шаклда тасдиқланган қабул Низомлари асосида ташкил этилади.
Кундузги таълим тизими қабули учун зарур ҳужжатлар:
- таълим муассасаси ректори номига ариза;
- паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
- ЎМИнинг “Ягона олимпиада” танлови Республика босқичи 1-, 2- ва 3-ўрин ғолиблари эса олий диний таълим муассасаларига кириш учун имтиёз берувчи диплом нусхасини ҳам тақдим этади.
- Хорижий давлатлардаги диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
- Ҳужжатларни жойлаштириш учун йиғмажилд.
Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича тест синовларини топширади:
- ✔️ Араб тили – 30 х 3,1 = 93 балл;
- ✔️Фиқҳ ва ақоид – 30 х 2,1 = 63 балл;
- ✔️Ўзбекистон тарихи – 30 х 1,1 = 33 балл.
Бу йилдан кириш имтиҳонларида Араб тили бўйича В2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.
Маълумот ўрнида: Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Жорий йилда ўқишни тамомлаган ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига хужжат топширган абитуриентлардан эса тўлов ундирилмайди.
Модуль таълим тизими қабули учун зарур ҳужжатлар:
- таълим муассасаси ректори номига ариза;
- паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
- ✅ яшаш жойи бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилидан тавсиянома;
- меҳнат дафтарчаси нусхаси (тасдиқланган ҳолда).
- Ҳужжатларни жойлаштириш учун йиғмажилд.
☪️ Эслатиб ўтамиз, Модульь таълим тизимига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган ҳамда тўрт йил ва ундан ортиқ муддат давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Қабул жараёнларига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ишлар йиғилишда келишиб олинди.
Шунингдек, мажлисда, қабул имтиҳонларини юқори савияда ташкил этилишига, шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши таъкидланди.
ТИИ Матбуот хизмати томонидан қабул жараёнларига тайёргарлик кўриш, қабул имтиҳонлари, абитуриентларга яратилган шарт-шароитлар, қабул жараёнларидаги янгиликлар институт сайти ва ижтимоий тармоқларида мунтазам ёритиб борилади.
71-240-01-15, 77-308-73-13
Манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.
t.me/oliymahad
ТИИ Матбуот хизмати