islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ёшлар куни нишонланди

2017 йил йилдан буён 30 июнь куни Ўзбекистонда Ёшлар куни сифатида кенг нишонланади.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб, Давлат раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди.

Охирги етти йилда ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар берилди. Давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор натижасида ёшлар таълим, илм-фан, IT ва замонавий технологиялар, тадбиркорлик, бизнес, маданият ва спорт йўналишларида юксак марраларни забт этиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ёшлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорига мувофиқ, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ёшлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландилар.

Бошқа жабҳаларда бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам ёшларнинг ўрни ва салмоғи юқори бўлиб, ёш авлод вакиллари таълим муассасаларида таълим олиб, дарс бермоқдалар, масжидларда халқимиз ва дин йўлида хизмат қилмоқдалар, илмий-тадқиқот марказларида изланишлар олиб бормоқдалар.

Ёшлар куни муносабати билан Тошкент ислом институтида ҳам байрам тадбири ўтказилди. Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Тоҳир Эвадуллаев ёшлардан иборат ўқитувчи ва ходимларни байрам билан қутлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг тизимда меҳнат қилаётган ходимларга йўллаган табрик ва қутловлардан иборат мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.

Муфтий ҳазратлари мурожаатномада, давлат томонидан ёшларга берилаётган имкониятлар, яратилган шарт-шароитлар, диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар, диний таълим муассасаларидаги ислоҳотлар, янгиликлар борасида сўз юритиб, булардан унумли фойдаланишлари, илм-маърифатнинг юксак марраларини забт этишларини динимиз кўрсатмалари билан уйғун ҳолатда ёшларни ғайрат ва шижоатга илҳомлантирганлар.

Тадбир сўнгида институт ҳаётида энг фаол ва фидойи бўлган бир гуруҳ ёшларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Институт жамоаси ва ёшлари учун байрам дастурхони ҳам ёзилди ҳамда устозлар томонидан ёшларнинг салоҳиятли бўлишларини сўраб Аллоҳ таолога дуойи хайрлар қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

432040cookie-checkЁшлар куни нишонланди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: