Тошкент ислом институтининг 2-курс қорияси Музаффархонова Робияхон 30 пора Қуръони каримни бир кунда, 12 соат давомида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Робия Нажмиддинова ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.
Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари номзоди Уйғун домла Ғофуров мазкур натижани эътироф этиб, устозларга ғайрат ва шижоат тилади.
Қуръони каримни 12 соатда ёддан ўқиб хатм қилган Робияхон Музаффархонова ноутбук ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Қуръон илмлари” кафедраси устозларининг меҳнати натижасида Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб бериш анъанага айланди. Бугунги кунга қадар бундай ютуққа эришган қория талабалар сони 12 нафарга етди.
Шу вақтгача ушбу натижани қуйидаги қориялар қайд этган: Гулруҳ Кенжабек қизи, Робия Нажмиддинова, Фотима Абдуллаева, Ҳавасхон Акбарова, Сайдиллаева Назокат, Мираҳмадова Ҳуснора, Муҳамматханова Мухлиса, Қурбонова Хадича, Орифжонова Муҳсина, Амина Хўжаёр, Руқайя Юсуфий.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб берган.
Робияхон НАЖМИДДИНОВА,
ТИИ Қуръон илмлари кафедраси ўқитувчиси