Рамазон – мусулмон оламининг энг улуғ ойларидан бири бўлиб, у фақатгина рўза тутиш билан чекланмайди. Бу муборак ой ичида инсон ўзининг нафсини тарбия қилади, руҳий покланишга эришади ва жамиятда яхшилик, саховат ҳамда бағрикенгликни қарор топтиришга ҳаракат қилади.
Рўза тутиш инсоннинг нафақат жисмоний, балки маънавий ва руҳий жиҳатдан покланишига ёрдам беради. У нафсни тарбия қилади, сабр ва қаноатни мустаҳкамлайди ҳамда инсонда шукроналик ҳиссини оширади. Шунингдек, рўза инсоннинг ирода кучи ва чидамлилигини ошириб, уни ҳар томонлама камолотга етаклайди.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводорлардан бўлсангиз.” (Бақара сураси, 183-оят)
Бу оятда рўзанинг буюк ҳикмати зикр қилинган бўлиб, у инсонни тақводорликка, яъни Аллоҳга бўлган ҳурмат ва итоатни оширишга ундайди.
Рамазон – бу саховат ва меҳр-оқибат ойи. Инсонлар бу ойда муҳтожларга ёрдам бериш, хайру эҳсон қилиш ва уларга моддий ҳамда маънавий кўмак кўрсатишга ҳаракат қиладилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар:
“Рўзадорга ифторлик берган киши, рўза тутганнинг савобига тенг ажр олади”. (Термизий ривояти)
Бу ҳадисда рўза тутувчиларга озиқ-овқат улашишнинг улуғ ажри борлиги таъкидланган. Бу эса, саховат ва меҳр-оқибатнинг муҳимлигини янада ёрқин кўрсатиб беради.
Замонавий тиббиёт рўзанинг жисмоний ва руҳий фойдаларини тасдиқлаган. Япон олими Ёсинори Осуми 2016 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган «Автофагия» тадқиқотларида рўзанинг ҳужайраларни қайта тиклашдаги аҳамиятини исботлади. Рўза пайтида ҳужайралар кераксиз ва зарарли моддалардан тозаланади, иммунитет мустаҳкамланади ва организм ёшаришига ёрдам беради.
Бу ойда мусулмонлар ўзаро бирдамликда бўлиб, жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳаракат қиладилар. Оилада, маҳаллада ва умуман жамиятда ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳити шаклланади. Рамазон ойи инсониятга ўзаро тушуниш ва ғамхўрлик фазилатларини ўргатади.
Рамазон ойи инсонлар учун руҳий тарбия мактаби ҳисобланади. У инсонни нафақат моддий жиҳатдан, балки маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳам бойитади. Бу ойнинг фазилатларини англаган ҳолда, бир-биримизга ёрдам бериш, муҳтожларга саховатли бўлиш ва бағрикенгликни қарор топтириш йўлида ҳаракат қилишимиз керак.
Зеро, Рамазон – нафақат рўза, балки муҳаббат ва яхшилик ойидир.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
405-гуруҳ талабаси