islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримда ворид бўлган ажамий сўзларни ўрганиш

Қуръони каримда келган ажамий сўзларни таҳлил қилиш ва уларнинг маьноларини ўрганиш бизларга Аллоҳнинг каломини жуда нозик маъноларини англашимиз учун керак бўлади. Бу калималар баъзи ўринларда диний маъноларни англатса, баъзи ўринларда ижтимоий-маданий тушунчаларни билдириб туради. Ажамий сўзлар Қуръони карим ҳали нозил қилинмасидан олдин араб тилига кириб келган. Бу жараён узоқ йилларни ўз ичига олиб арабистон ярим оролида истиқомат қилувчи арабларнинг тижорат мақсадида шимолга ва жанубга сафар қилишлари, денгиз орти мамлакатлари билан борди-келди қилишлари ва Макка шаҳрига зиёрат учун келадиган зиёратчиларнинг маҳаллий аҳоли билан ўзаро мулоқотлари туфайли араб тилига бошқа тиллардан кириб келишига сабаб бўлган. Бу калималар вақт ўтиб араб тили қоидаларига мослаштирилган. Баъзи калималардан таркибидаги баъзи ҳарфлари тушиб кетган ёки бошқа ҳарфга ўзгартирилган. Бироқ, асли араб тилида бўлмаган барча пайғамбар алайҳимуссаломларнинг исмлари ўз ҳолича қолган ва уларнинг деярли барчаси сарфдан ман қилинган исмлардир.

Қурьони каримда тадқиқотчилар хулосасига кўра жами 275 марта ажамий сўзлар ишлатилган. Бу сўзлар араб тилига асосан форс тилидан, иброний, сурёний, оромий, ҳабаший, юнон, курдий ҳамда бошқа тиллардан кириб келган. Қуръони карим нозил бўлишидан олдин ажамий сўзлар араб тилида жуда яхши ўзлаштирилган. Шунинг учун ҳам атоқли бўлмаган барча ажам сўзлар тўлиқ араб тили қоидаларига мос равишда таҳлил қиланади. Буни араб шоирларининг шеърларидан ҳам англашимиз мумкин. Араб тили қоидаларининг ҳаммасини ўзида мужассам этган ажамий сўзлар вақти келиб Қуръони каримда ҳам ворид бўлган. Улардан баъзиларини санаб ўтамиз: “истаброқ” сўзи форс тилидан кирган бўлиб шойи, ипак маъносида, сирот-кўприк маъносида. Инжил сўзи юнон тилидан кириб келган бўлиб башорат берувчи маъносини англатади. Авваҳ сўзи ҳинд тилидан ўзлаштирилган ва тазарруъли маъносида келади.

Ажам сўзлар Қуръони каримда ворид бўлганини баъзи олимлар рад этишади. Бошқа уламолар эса ажам сўзлар Аллоҳнинг каломида келганлигини тасдиқлашади. Табиийки, икки тараф ҳам ўз сўзларига ишонарли далиллар келтиришган. Биз бу мақолада Қуръони каримда келган ажам сўзлар ҳақида умумий маълумотлар беришни ният қилганимиз учун тафсилотларга киришиб ўтирмадик. Дунёда мавжуд бўлиб турган барча тиллар маълум маънода бошқаси билан қоришади. Араб тилига қадимда ҳам ҳозирги кунларда ҳам бошқа тиллардан қанча сўзлар кириб келган бўлса, араб тилидаги сўзлар ҳам бутун дунё мамлакатларига тарқалиб кетган. Ўзлаштирилган, мулоқот воситаси ўлароқ муомалага кириб кетган.

Лутфулла МИРЗАҚУЛОВ,

ТИИ 4-курс талабаси

447850cookie-checkҚуръони каримда ворид бўлган ажамий сўзларни ўрганиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: