Дунёда шундай ишлар борки, у ишлар Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишлардир. Шундай ишлардан бири бир мўмин-мусулмоннинг кўнглини шод қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عن ابن عباس أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: إن أحب الأعمال إلى الله تعالى بعد الفرائض إدخال السرور على المسلم
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатларидан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий қуйидаги байтда бу ҳақда шундай ёзиб қолдирганлар:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай –
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, ўз навбатида хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда шундай бир мақол бор: “Дил озордан худо безор”.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Ўзига суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин АКБАРОВ,
ТИИ талабаси, ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими