islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Суффа эгалари кимлар?

“Суффа” сўзи луғатда “тепаси соябонли қилинган жой” маъносини англатади. У ерда эҳтиёж юзасидан маълум вақт давомида тунаган инсонларга нисбатан “эгалари” сўзи ишлатилган. Бундай инсонлар “Асҳабус-суффа” номи билан тарихдан муносиб ўрин эгаллаганлар.  Истилоҳда эса асҳобус-суффа деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қоладиган бирор бошпанаси ҳам, мол-мулки ҳам бўлмаган фақир саҳобалар тушунилган.

“Асҳабус-суффа” баъзи ривоятларда “Аҳли суффа” деб ҳам аталган. “Асҳабус-суффа” ва уларнинг яшаш тарзи ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келган.

Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзини ривоят қилган: “Асҳабус-суффа”дан етмиш кишини кўрганман. Уларнинг эгниларида фақатгина ридо (баданнинг фақат тепа қисмини тўсадиган кийим), ёки изор (баданнинг пастки қисмини тўсадиган кийим), ё бўйинларига ўраб олишган бирор кийим бўларди. Баъзиларининг кийими болдирларининг яримига етса, баъзилариники тўпиқларигача етарди. Аврати кўриниб кетишидан хавфсираб, кийимини қўли билан чангаллаб турарди”.

Бадриддин Айний “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳи Бухорий” асарида шундай ёзади: “Баъзилар “Асҳабус-суффа” деб номланиш сабаби ҳақида шундай дейишган: Бошпаналари йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришар эди. Шу сабабли улар “Асҳабус-суффа” (сафланиб турувчилар) деб номланган”.

Имом Нававий “Шарҳу саҳиҳи Муслим” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидан бошпана топган фақир кишилар бўлиб, улар масжид ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қолишар эди”.

Имом Термизий “Сунани Термизий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Аҳли суффа Ислом аҳлининг меҳмонлари эдилар”, – деганларини ривоят қилган.

Имом Байҳақий Усмон ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: “Мадинада муҳожирлар кўпайиб кетди. Уларнинг туришлари учун бирор ҳовли жой ҳам, бошпана ҳам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга жойлаштирдилар ва “Асҳабус-суффа” деб атадилар. У зот улар билан бирга ўтирар ва уларга дўстона муносабатда бўлар эдилар”.

Муҳаммад Абдурраҳмон Муборакфурий “Туҳфатул Аҳвазий би шарҳи жомеъит-Термизий” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа етмиш нафар атрофидаги уй-жойи ҳам, мол-мулки ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган фақир саҳобалар бўлган. Уларнинг сони гоҳ камайиб, гоҳ ортиб турган. Улар, асосан, ўзларига садақа қилинган нарсалар билан кун кечирганлар”.

Муновий  “Файзул Қодийр шарҳу Жомеъис-сағир”да қуйидагиларни ёзган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга намоз ўқиб берганларида очликдан намозда тик тура олмай қоладиган кишилар ҳам бўларди. Улар Асҳабус-суффа” эдилар. Ҳатто араблар: “Анавилар мажнунлардир”, – дейишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг уларга юзланиб шундай деган эдилар: “Агар Аллоҳ ҳузурида сизларга қандай яхши нарсалар борлигини билганингизда, албатта, янада фақир ва эҳтиёжманд бўлишни яхши кўрган бўлар эдингиз”.

Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаётлари билан яқиндан танишган сайин уларнинг улуғ мақомлари ҳақида айтилган сўзларнинг ҳақиқати янада яққол намоён бўлиб бораверади.

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

Манба: Azon.uz

47550cookie-checkСуффа эгалари кимлар?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: