Аллоҳ таоло мукаммал дин бўлмиш Исломни бандаларига баён этиш учун гўзал фазилатларга эга бўлган, барча замон ва маконларнинг буюги сифатида эътироф этиладиган шахсни Пайғамбар қилиб танлаган. Ушбу буюк шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига барча жабҳаларда ўрнакдирлар. У зотнинг гўзал хулқ ва сифатларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш дунёда юксак фазилат, охиратда эса улуғ шарафга эга бўлишимизга сабаб бўлади. Мана шу маънода эътиборингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал сифатларидан баъзиларини ҳавола этамиз.
Сўзлашлари: аниқ ва тиниқ, ҳарф ва сўзлари дона-дона, равон, ўта ёқимли ва таъсирли, такаллуфсиз, лўнда ва қисқа, сермазмун ва пурмаъно, ўта фасоҳатли ва балоғатли, бошқаларнинг сўзлашларидан яққол ажраб туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини яхши очиб гапирардилар, оғиз чеккаси билан гапирмасдилар. У зот сергап ҳам, ўта камгап ҳам эмасдилар. Сўзлашларининг гўзаллигига ҳар қандай инсон маҳлиё бўлиб қоларди. Сўз ва иборалари худди ипга терилган маржондек. Таъблари етук, ҳикматга бой. У зотга сермазмун ва пурмаъно сўзлаш хусусияти берилган эди.
Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳли билан уларнинг лаҳжасида сўзлашардилар. У зотда бадавийларга хос сўзамонлик чиройли гап суришда ҳам, шаҳарликларга хос бўлган аниқ ва равон иборалар қўллашда ҳам ўз ифодасини топган эди. Бу борада, албатта, илоҳий мададга ҳам эга эдилар. Ҳар қандай ўринда керагича сўзлардилар, ортиқчаси бўлмас эди. Кўп сукут сақлардилар.
Ҳеч кимга беписандлик билан гапирмаганлар. Ҳақоратлаш ва сўкиш у зотга тамоман ёт эди. Бирор кишининг дилини оғритмаганлар. Беҳуда ва миш-миш гаплар, деди-дедиларга яқин келмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошлаганларида барча жим туриб қулоқ солар, хутба қилганларида ҳатто пашша учса билинадиган даражада сукунат ҳукм сурар эди.
Ўтиришлари: йиғиштириниб, виқор билан, сокин ўтирардилар. Кўпинча жим ўтирар, зарурат туғилгандагина сўзлардилар, ноўрин гапирган одамдан юз бурардилар.
Кулишлари: кулгилари табассумдан иборат бўлиб, кулганларида тишлари маржондек бўлиб кўринар эди. Баъзан жуда хурсанд бўлиб кулганларида кўзларини юмиб олардилар.
Шижоатлари: беқиёс ва сўнмас эди. У зот инсоният тарихидаги энг шижоатли инсон бўлганлар. Рақибини доимо ер тишлатганлар. Манаман деган полвонларни ҳам доғда қолдирганлар. Энг оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор туриб, олға интилардилар, ҳеч қачон ортга чекинмаганлар, саросимага тушмаганлар.
Саховатлари: ниҳоятда қўллари очиқ, саховатда тенгсиз, энг сахий инсон эдилар, фақирликдан қўрқмас эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар, саҳобаларнинг таъбирлари билан айтганда, саховатда шамолдек бўлиб кетардилар. У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон “Йўқ” демаганлар. Топсалар, бериб, имконлари бўлмаса, ширин сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар.
Муомалалари: мулойим, самимий, очиқ ва гўзал эди. У зот энг муомаласи осон киши бўлганлар. У зотни дастлаб кўрган киши ҳайбатларидан ўзини йўқотиб қўяр, яқиндан танигач, у зотни яхши кўриб қолар эди. Ҳеч қачон бировни камситмаганлар. Ҳар бир суҳбатдошга алоҳида аҳамият билан қарар эдилар, шунинг учун уларнинг ҳар бири ўзини у зотга бошқалардан кўра яқинроқ ҳис этар эди.
Қўл бериб кўришганларида қўлларини биринчи бўлиб тортиб олмас, суҳбатдошлари гапини тугатиб, ўз ихтиёри билан туриб кетмагунча, суҳбатни бўлмасдан, сабр қилиб турар эдилар. Одамлар ичида энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилмас, ҳаёсиз сўзларни сўзламас, бозорларда шовқин қилмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки кечириб юборар эдилар. Ҳаммага бирдек бағрикенглик билан муомала қилар эдилар.
Сабрлари: У зотдек сабр-бардошли инсонни дунё бошқа кўрмаган. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга сабрлилик, чидамлилик, кечиримлилик хислатларини инъом этган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай азиятни, мусибатни бардош билан қарши олардилар. Озор кучайган сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борар, жоҳилларнинг жаҳолати кучайган сари у зотнинг матонатлари ортиб борар эди.
Ғазаблари: у зот табиатан ғазабдан йироқ, розиликка мойил эдилар. Ғазаблансалар, фақат Аллоҳ учун ғазабланар, розиликлари ҳам Аллоҳнинг розилигига тобе эди. Ноҳақликка қарши шундай қаттиқ ғазаб қилардиларки, то ҳақ қоим бўлмагунича, ғазаблари тушмас эди. Ғазабланганлари юзларидан билинар эди, баъзан қўлларини силтаб қўяр эдилар.
Аллоҳ таолога ҳамдлар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин!
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Абдул Азим ЗИЁУДДИН