islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нақшбандия машойихлари(3) Қосим ибн Муҳаммад (роҳимаҳуллоҳ)

Ҳофидий Сиддиқий Акбар Қосим роҳимаҳуллоҳ Мадинада туғилиб, Асҳоби киромдан кейин фатво беришни бошлаган машҳур “Фақиҳус Сабъа” (Етти фақиҳ)дан биттасидир. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг набирасидир.

Қосим роҳимаҳуллоҳ ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўғли Зайнал Oбидин билан хола ўғилларидан. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳнинг онаси Эроннинг сўнгги ҳукмдори Яздужарнинг қизидир.

Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ тобеинларнинг катталаридан ҳисобланади. “Олтин силсила”нинг учинчисидир. Омонатни Салмон Форсий ҳазратларидан олган. Бу шаклда файзий илоҳийнинг сири саҳобалар доирасидан чиқиб, тобеъин доирасига кўчди.

Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ 31-ҳижрий йилда, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу хилофоти даврида дунёга келди. Отаси Мисрда ўлдирилгандан сўнг, ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ холаси, мўъминларнинг онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ёнида тарбияланди. Саҳобалардан кўпчилигини кўрди.

Холаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан, Ибн Умардан, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Муовия розияллоҳу анҳумлардан кўпгина ҳадис ривоят қилган.

Имом Малик роҳимаҳуллоҳ у ҳақда “Қосим бу умматнинг фоқиҳларидан эди”, деган.

Яҳё бин Саид Қосим ҳазратлари ҳақида “Мадинада Қосимдан устун бир шахсни кўрмадик”, деган.

Ибн Саъд “Қосим ишончли инсон эди, олим эди, фоқиҳ эди, имом эди. Кўп ҳадис биларди, тақво ва парҳез соҳиби эди”, деган.

Умар бин Абдулазиздан ривоят қилинади: “Агар бировни ўрнимга халифа танлаш ижоб этсайди, Қосимни танлардим”.

***

Қосим ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Расули номидан сўз сўйлашнинг ва фатво беришнинг нақадар маъсулиятли иш эканини идрок этган бир зот эди.

“Инсоннинг Аллоҳ ҳаққини билиб, жоҳил сифатида яшаши, уни билмай туриб, фатво беришингдан яхшироқдир”,– деган Қосим роҳимаҳуллоҳ.

У диний масалаларда жуда ҳассос ҳаракат қилар, фақат аниқ бўлган мавзулардагина фатво берарди.

***

Халифа Умар бин Абдулазиз Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳга холаси ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳога оид қанча ҳадис ва ривоят бўлса, барчасини тўплаш вазифасини топширди.

Қосим бин Муҳаммад ҳадиси-шарифларни маъносига, ҳарфларигача эътибор қилган ҳолда ривоят этарди. Ҳолбуки, тобеъиндан бўлган баъзи ҳадис олимлари ҳадиси-шарифни фақат маъноси билан ривоят этишдан тортинмас эдилар. Лекин тобеъин муҳаддисларининг аксарияти ҳадиси-шарифларни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай эшитса, шундай ривоят этишар эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ ҳам ҳадис ривоят этаркан, унинг битта ҳарфини ҳам ўзгартирмас эди.

Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ шундай хотирлайди: “Бир куни холам ҳазрати Ойшанинг ёнига бордим.

Унга:

“Эй она, менга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини кўрсатинг”, дедим. Кўрсатди. У ерда учта қабр бор эди. Қабрлар юксак эмас эди. Устларига қизил тошчалар тўкилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри ҳаммасидан илгарироқда турарди: ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг боши Фахри коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасига, ҳазрати Умарнинг боши эса унинг оёғи ҳизосига тўғри келарди”.

Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ вафотидан олдин кўзи ожиз бўлиб қолди. Ўлим тўшагида ўғлига:

“Мени устимдаги кийим билан кафанланг”, дея васият этди. Устида кўйлак иштон ва жубба бор эди.

Ўғли “Кафанни яна икки қат қилсак бўлмайдими?” деб сўради.

Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ:

– Бобом Абу Бакр ҳам уч парча кафанга ўралган эди. Биз учун мезон будир. Бу кифоя. Либосга тирикларнинг эҳтиёжи ўликларникидан кўпроқ бўлади, – деди.

Ҳижрий 107 йилда (милодий 725), етмиш ёшида Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги Қудайдда вафот этди. Аллоҳ раҳмат айласин!

Мир Араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси

Абдусамад Тожиддинов

60700cookie-checkНақшбандия машойихлари(3) Қосим ибн Муҳаммад (роҳимаҳуллоҳ)
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: