islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Фуқаролардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарлари харид қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фондини жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарлар ҳисобига бойитиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сон Қарорининг 3-бандига мувофиқ Марказда ташкил этилган юридик шахс мақомига эга бўлмаган Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ноёб асарларни излаб топиш, танлаш, баҳолаш ва харид қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сонли қарорига ҳамда ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

Ноёб асарларни излаб топиш, аниқлаш ва баҳолаш

Ноёб асарларни излаб топиш ва аниқлаш Марказ томонидан амалга оширилади.

Марказ томонидан аниқланган ноёб асарларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сонли қарорининг 4-бандига жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш, шунингдек уларни баҳолаш мақсадида Марказда тузилган соҳага оид малакали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳига ўрганиш, белгиланган меъёрларга асосан уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш ҳамда якуний хулоса олиш учун тақдим этилади.

Экспертлар гуруҳи аниқланган ноёб асарларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, уларни белгиланган меъёрларга мувофиқ баҳолайди ҳамда ноёб ҳужжатлар эгаси билан харид қилиш шартномаси ва нархи бўйича музокара олиб боради.

Баҳолаш комиссияси томонидан таклиф этилган нархга ноёб асар эгаси рози бўлмаса, мазкур ноёб асарнинг нархини Марказ ва Экспертлар гуруҳи ноёб асар эгаси билан келишган ҳолда ошириш мумкин.

Музокара чоғида ноёб асарларни харид қилиш бўйича нарх ечими Экспертлар гуруҳи зиммасига юкланади.

Томонларнинг якуний келишувидан келиб чиқиб, Экспертлар гуруҳи ва ноёб асарларнинг эгаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига мувофиқ дастлабки шартнома тузилади.

Дастлабки шартномада ноёб асарлар эгасининг мажбуриятлари, яъни ноёб асарларни бошқа шахсларга ҳадя қилмаслиги, сотмаслиги ва айирбошламаслиги тўғрисидаги бандлар киритилиши зарур.

Экспертлар гуруҳининг мажлисларини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг 70 фоизини ташкил этиши керак. Экспертлар гуруҳининг барча мажлислари ва қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Кўрилаётган масала бўйича қарор Экспертлар гуруҳи аъзолари умумий сонининг кўпчилик овоз бериши билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолда Экспертлар гуруҳи раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Экспертлар гуруҳи ноёб асарлар бўйича ўтказилган мажлислар қарорлари, тузилган дастлабки шартномалар ва хулосаларни Махсус жамғарма раҳбари – Марказ директорига (Марказ директори Махсус жамғарманинг ҳам раҳбари ҳисобланади) тақдим қилади.

Ноёб асарларни харид қилиш бўйича экспертлар гуруҳи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Марказ директори кўриб чиқади ва шундан сўнг молиялаштиради.

Ноёб асарларни харид қилишни молиялаштириш тартиби

Марказ фондини жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ноёб асарлар ҳисобига бойитиш ва харид қилиш билан боғлиқ барча харажатлар Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ноёб асарларни харид қилиш Марказ директори ва ноёб асарлар эгаси бўлган юридик ёки жисмоний шахс ўртасида шартнома тузиш орқали амалга оширилади.

Ноёб асарларнинг харид қилгандан сўнг уни тўлиқ ҳужжатлар асосида қабул қилиб олиш Марказ қўлёзмалар фондига масъул шахс қўлёзмалар фонди муҳофизи (сақловчиси) томонидан амалга оширилади.

Бунда, ноёб асарлар етказиб берилганлигини тасдиқловчи далолатнома нусхаси Марказ директорига Марказ қўлёзмалар фондига масъул шахс қўлёзмалар фонди муҳофизи (сақловчиси) томонидан тақдим этилади.

Шартномага мувофиқ ноёб асарлар эгасига тегишли бўлган маблағлар Махсус жамғарма томонидан асар эгаси бўлган юридик ёки жисмоний шахснинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.

Харид қилинган ноёб асарларни шартномага мувофиқ тўлиқ қабул қилиб олиш, Марказ қўлёзмалар фондига жойлаштириш, бутлигини сақлаш ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича жавобгарлик Марказ раҳбари зиммасига юкланади.

Манба: Kun.uz

73210cookie-checkФуқаролардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарлари харид қилинади
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!