Бугун 25 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Кенгашининг 2019-2020 ўқув йили бўйича навбатдаги йиғилиши Zoom дастури орқали онлайн тарзда бўлиб ўтди.
Йиғилишда буйруқлар ижросини таъминлаш, ўқув жараёнлари таҳлили, масофавий таълим дарсларининг бориши, карантин шароитида институтнинг ташкилий ва таълимий фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган буйруқ кенгаш аъзоларига таништирилди. Карантин шароитида Рамазони шарифни белгиланган талаблар асосида ўтказиш, ўқитувчи ва талабаларнинг жамоавий таровиҳ ва ифторликларда иштирок этмаслик ҳамда оила даврасида ибодат қилиш, илм олиш ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш бўйича тушунчалар берилди.
Жорий қилинган карантин шароитида халқимизга Рамазони шарифнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ифторликларни оила даврасида ихчам ва камтарона ўтказиш, ўзаро ёрдам ва яшиликларни кўпайтириш учун муҳтарам Президентимиз ташаббуслари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилиш ҳамда одамлар орасида ваҳима ва ношукрликни олдини олиш борасида ОАВ, матбуот ва интернет нашрларида устоз ва ўқитувчилар томонидан илмий-маърифий чиқишлар ва мақолалар тайёрлаш бўйича ЎМИ буйруғига мувофиқ тавсиялар берилди.
Масофавий йиғилиш сўнгида кенгаш аъзолари, устозлар ҳозирда дунё бўйлаб тарқалган вирусдан бутун инсоният, хусусан халқимиз ҳам тез фурсатда халос бўлишини Аллоҳдан сўраб дуо қилдилар.