islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.

Мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда. Бобуршунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар мунтазам ўтказилмоқда.

Кейинги йилларда Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобур Мирзонинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти – Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабур. Бабуриды. Библиография” деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, “Бобур ва дунё” журналининг ташкил қилингани маданий ҳаётимизда катта воқеа сифатида эътироф этилди.

Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, фарзандларимизни шу асосда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида:

1. Маданият ва туризм вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда жамоатчилик вакилларининг 2023 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин ва унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита (А.Н.Арипов):

бир ҳафта муддатда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин. Ушбу дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

мамлакатимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, жумладан, ёдгорлик мажмуаларини таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш;

Бобур Мирзо меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш;

хорижий мамлакатларда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни давом эттириш;

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий меросини, давлатчилик ва саркардалик фаолиятини кенг ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, янги илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш;

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этиш.

3. Маданият ва туризм вазирлиги Ташкилий қўмитанинг ишчи органи этиб белгилансин ва мазкур қарорда белгиланган вазифалар бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин.

4. Ташкилий қўмита қуйидаги тадбирлар:

Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Бобур номидаги халқаро жамоат фонди билан биргаликда Андижон шаҳрида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий-бадиий анжуман;

Маданий мерос агентлиги ва Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан Андижон шаҳридаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейида Бобурнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг қўлёзма ва нашр нусхаларининг кўргазмаси;

Бадиий академия ва “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан мавзуга бағишланган тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмалари юқори савияда ўтказилишини таъминласин.

5. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ибратли ҳаёти ва бой меросини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида:

а) Маданият ва туризм вазирлиги Бобур номидаги халқаро жамоат фонди билан биргаликда:

“Бобур мероси” халқаро сайёҳлик тарғибот дастурини амалга оширсин;

2023 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш, шоир ғазаллари билан ижро этиладиган энг яхши қўшиқлар танловлари ҳамда “Назм ва наво” мақом кечаларини ташкил этишни таъминласин;

давлат буюртмаси асосида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик даврига бағишлаб суратга олинаётган “Йўлбарснинг туғилиши” бадиий фильмини якунига етказиш чораларини кўрсин;

б) Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 2023-2024 йилларда болалар учун Бобур Мирзо ҳақидаги спектакль ва кўп қисмли мультипликацион фильмни яратсин.

6. Ташкилий қўмита Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Жамоат хавфсизлиги университети, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда:

ўзбек, рус ва инглиз тилларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига доир “Бобур энциклопедияси”нинг тўлдирилган учинчи нашри“Бобур” китоб-альбоми, шунингдек, Бобур асарлари луғатиБобур девонининг мукаммал нашрини;

“Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек ва қорақалпоқ тилларига табдилини яратиш;

“Бобурга армуғон” рукни остида шоир асарлари, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий ва оммабоп китоблар туркумини тайёрлаш ва чоп қилиш чораларини кўрсин.

7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди билан биргаликда:

икки ой муддатда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини эълон қилсин;

ушбу қарорнинг 6-бандида белгиланган адабиётларни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар учун давлат илмий дастурлари доирасида мақсадли маблағлар ажратилишини таъминласин;

талабалар ҳамда тадқиқотчилар ўртасида Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодига бағишланган янги илмий-публицистик ҳамда бадиий асарлар танловини ўтказсин;

Бобур Мирзо ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарларнинг ўзбек тилидан хорижий тилларга ҳамда хорижий тиллардан ўзбек тилига босқичма-босқич таржима қилиниши ва чоп этилишини таъминласин.

8. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этилсин.

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда мазкур давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

9. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил давомида қуйидаги вазифаларни ўз ичига олган “Бобур ва ёшлар” махсус дастурини амалга оширсин:

умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Бобур асарларининг билимдонлари” танлови ва “Бобурни англаш” мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш;

замонавий ахборот ва тарғибот технологиялари асосида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш.

10. Андижон вилояти ҳокимлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди билан биргаликда 2023 йил 1 августга қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўзбек, рус, инглиз тилларида фаолият юритадиган халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини яратсин. Бунда, мазкур платформанинг келгусида самарали юритилиши Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий меросига бағишланган ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, китоблар тақдимотлари ҳамда бошқа тадбирларни ташкил қилсин.

12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентилиги, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

13. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ижрочиларга ажратилган маблағлар доирасида Давлат бюджети маблағлари, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

14. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 

2023 йил 25 январь

363440cookie-checkЎзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: